«Келинглар, Қамбар-Отани бирга қурайлик, фойдаланайлик, икки давлатга ҳам фойдаси тегсин деди. Улар рози бўлди, шунга ҳаракат қилишмоқда. Буни нимаси ёмон?» — деб сўради у.
Ташиев Қирғизистон агар ГЭСни ўзбек томон билан қурадиган бўлса, томонларнинг фоизли улуши бўлишини таъкидлади. Балки 50-50 бўлади. Бундан ташқари, Қамбар–Ота-1ни қуришга 2 млрд доллар кетиши тахмин қилинаётганини айтиб, ГЭС ишга тушгандан кейин ўзбек томон қурилишга сарфлаган пулини оқлаб олгунча ўша ерда бўлишига тўхталди.
«Ўзбек томон қурилишга тиккан 2 млрд долларини чиқариб олгунча ўша ерда бўлади. Балки 10 ёки 25 йил бўлади, вақти келса кўрамиз. Улар пулини чиқариб олгандан кейин ГЭС бизда, давлатга қолади», — деди у.
Ташиев бундан ташқари, олдин Қирғизистон бошқаларнинг «кутиб туринглар» деган сўзларига ишониб, ҳозир давлат «ҳеч нарсасиз» қолганини билдирди. Унинг айтишича, ҳозир ўлкада электр энергиясига бўлган талаб кучаймоқда.
Шунингдек, Ўзбекистон билан биргаликда ГЭС қуриш масаласи кўтарилгандан бери жамоатчиликда турли салбий фикрлар айтилаётганига тўхталиб, буни ҳукуматнинг ҳаракатига қарши бўлаётганлар чиқараётганини билдирди.
“«Қамбар-Ата-1 ГЭСини Садир Жапаров Ўзбекистонга берибди, биргаликда компаниянинг қурилиши тўғри эмас, сабаби Ўзбекистон сувни олиб қўяди» деган турли ифлос, бўлмаган сўзларни айтишмоқда. [...] «Қурганда сувни ўзбек томон умрбод олиб қолар экан, бошқарар экан» дейишмоқда, бундай бўлмайди. Садир Жапаров ҳеч қачон бунга йўл қўймайди», — деди у.
Қамбар-Ота-1ни қуриш машаққати
Қирғизистондаги «Қамбар-Ата-1» ГЭСини лойиҳалаш бундан 40 йил олдин Тошкентда бошланган. Бироқ мазкур лойиҳани амалга ошириш ҳаракатлари 2012 йиллари давлат миқёсида кўтарилган. Россиянинг «РусГидро» компанияси ГЭСни 2021 йили қуриб битирар эди. Бироқ кейин ишлар тўхтаб, 2016 йили Қирғизистон шартномадан бир томонлама чиққан.
2020 йили февралда Қирғизистон мазкур ГЭСни ўзи қуришини билдирган. Бироқ ўша йилнинг октябрь ойида ҳукумат алмашиб, сиёсий инқироз бошланган.
Дастлабки ҳисоблар бўйича Қамбар-Ота-1 ГЭС ишга тушса, унинг қуввати деярли 1 млн 900 минг кВт соат бўлиб, йилига 5 млрд кВт соат электр энергиясини ишлаб чиқади.