Жогорку Кенешнинг собиқ депутати Исхак Масалиев фейсбук саҳифасига МХДҚга сўроққа чақирилганини ёзди.
«Мана, йигитларнинг қўли менга ҳам етган кўринади. Бири уйга олиб келибди. Ё санаси, ё вақти кўрсатилмаган. Унутиб қолишган бўлса керак. Чақирувда дарров адвокат ҳақида огоҳлантиришармиди, эслолмаяпман», — деб ёзган Масалиев.
Депутат қандай сабаб ёки иш бўйича чақирилгани номаълум.
Исхак Масалиев парламентнинг тўрт чақирилишининг депутати бўлган. 2005-йили молия вазирининг ўринбосари хизматида ишлаган. Масалиев парламентга депутат бўлиб келгунга қадар божхона хизматида ишлаган, 2012-йилдан бошлаб икки йил солиқ хизматини бошқарган.
Масалиев 2020-йили майда Жогорку Кенешдан кетаётганини маълум қилган. Парламентдаги охирги муддатини собиқ депутат «Онугуу — Прогресс» фракциясида ишлаб якунлади.
Бироқ 2020-йили октябрда ўтган парламент сайловида Масалиев яна Жогорку Кенешга келишга қарор қилиб, сайловга «Бутун Қирғизистон» партияси билан отланган.