Ижтимоий тармоқларда 4 март куни ўзини Болот Баетов деб таништирган кишининг овозли ёзуви тарқалди. Унда у «Митал» исмли кишига «ишларни бошлайлик» деб телефон қилган. Шунингдек ўзини «Ташиевнинг жамоасида» эканини билдирган.
«Ишни бошлайликми? Биз томондасиз-да? У ерни ҳеч кимга бермаймиз ака, эе... Биласиз да мен қайси томондан кетаётганимни? Ташиевнинг командасидаман. Ҳукуматнинг», — деган у телефондаги суҳбатда.
Аудио «Ўшнинг ёшлари» саҳифага жойланган. Муаллиф “«Ата-Журт Кыргызстан» ўзларини ҳукуматнинг, аниқроғи Ташиевнинг партиясимиз деб очиқ айтишмоқда» деб ёзган. Бундан ташқари, партиядагилар ўзбек миллатидаги фуқароларни «қўрқита бошлагани» айтилган.
«Айрим одамлар шу партиянинг вакиллари эканини айтиб, ўзбек фуқароларни партияга ишлаб беришга, овоз йиғишга ва керак бўлса, овоз сотиб олишга мажбур қилишмоқда», — деб ёзилади аудиога қўшилган матнда.
Болот Баетов — юрист, у Ўш шаҳар кенгашига бўладиган сайловга «Ата-Журт Кыргызстан» партиясининг рўйхатида 29-бўлиб келмоқда. Баетов ўзи «Азаттык» радиосига берган интервью берганда аудиони монтаж ва қоралаш деб сифатлаган.
«Ата-Журт Кыргызстан» партиясидан шаҳар кенгашига номзодларнинг орасида янги тайинланган биринчи вице-мер Замир Юсупов, «Ош-Тазалык» муниципал ишхонасининг раҳбари Нурбек Исмаилов, «Ўш кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштириш хўжалик комбинати» муниципал ишхонасининг раҳбар ўринбосари Нурсултан Шакир ўғли ҳам бор. Партияни «Сулайман-Тоо» муниципал ҳудудий бошқармасининг раҳбари Сонунбек Жунубаев бошқаради. Тўртови ҳам олдин ҳукуматники дейилган «Биримдик» партиясидан маҳаллий кенгашга номзод бўлишган. Бироқ сайлов пандемия сабаб жилган эди.
Ўш ШИИБдан бу аудио бўйича мурожаат келмаганини айтишган. Агар ариза ёзилса, Жиноятларнинг ягона реестрига рўйхатга олиб, судгача текширув очилади дейишди.
Материал чиқиш олдидан миллий хавфсизлик давлат қўмитасидан изоҳ олишнинг имкони бўлмади.
«Ата-Журт Кыргызстан» партияси ва маъмурий ресурс
Жамоатчиликда «Ата-Журт Кыргызстан» партияси МХДҚнинг етакчиси Камчибек Ташиевга тегишли деган маълумотлар тарқаган. Юстиция вазирлигининг сайтида «Ата-Журт Кыргызстан» партиясининг етакчиси қатори Айбек Маткеримов кўрсатилган.
Маткеримов Камчибек Ташиевнинг ҳамқишлоғи — у 2016 йилдан бошлаб 2020 йилнинг октябригача Барпи қишлоқ ҳукуматида «Ата-Журт» партиясидан депутат бўлган. Ташиев ўзи 2010 йили Жогорку Кенешга «Ата-Журт» партиясидан депутат бўлган. Бунгача у парламентда 2005-2007 йили депутат бўлган.
Шунингдек, Маткеримов 2017 йили Жалолобод шаҳар кенгашига «Ата-Журт» партиясидан номзод бўлган ўтган йилнинг октябрида натижаси бекор қилинган парламент сайловига «Мекенчил» партияси билан келган. Камчибек Ташиев эса сайловда «Мекенчил» партиясини олиб борган.
Бундан ташқари, Ташиевнинг ўғли Тай-Мурас Ташиев ҳам Жалолобод шаҳар кенгашига «Ата-Журт Кыргызстан» партиясидан номзодини қўйди.
Ўшнинг собиқ мэри Мелис Мирзакматов блогер Адил Акжол ўғлига берган интервьюсида Камчибек Ташиевнинг номи билан сайловга қатнашаётганлар бор деб билдирган. Шунингдек, «Қирғизистон тарихида маҳсус хизмат раҳбари бўлган одам партия тузмаган» деб айтган.
Мирзакматов тузган «Улуттар Биримдиги» партияси ҳам Ўш шаҳар кенгашига сайловда қатнашади.
15 мартда Ўш шаҳрида партиялар йиғини бўлган. Унда тўрт партия — «Бүтүн Кыргызстан», «Улуу журт», «Бир бол», «Улуттар Биримдиги» — «Ата-Журт Кыргызстан»ни шаҳарда маъмурий ресурсдан фойдаланиб, рақибларига босим кўрсатмоқда деб айблашган. Шу сабаб улар мазкур партия билан сайловни тинч ўтказиш, ифлос ва ноқонуний ишларга йўл қўймаслик бўйича меморандумни имзолашдан бош тортишган.
МСКнинг раисасининг ўринбосари Абдижапар Бекматов партияларнинг шикоятлари бўйича тегишли органлар текширув ўтказишини айтган.
Қирғизистонда маҳаллий кенгашларга сайлов 11 апрелда ўтказилади. Ўш шаҳар кенгашига тўққиз партия қатнашмоқда.