АҚШ Кўлбаевнинг айбини исботлаган маълумотга мукофот ҳақини 5 млн долларга кўпайтирди

286
Камчи Кўлбаев

Америка қўшма штатларининг давлат департаменти «қонундаги ўғри» Камчи Кўлбаевнинг қамалишига ёки унинг жиноий гуруҳининг моддий механизмларини очиқлаган маълумот учун 5 млн доллар таклиф қилади. Олдин бу мукофотнинг миқдори 1 млн доллар эди.

«Давлат департаментининг халқаро уюшган жиноятчиликка қарши мукофотлар ва гиёҳванд моддаларга қарши дастур асосида 75дан ортиқ халқаро жиноятлар ва йирик наркобаронлар жавобгарликка тортилган. Бугунги кунгача департамент жиноятчиларни қўлга олинишига сабабчи бўлган маълумотлар учун 130 млн доллардан ортиқ маблағ тўлаган», — деб берилади давлат департаментининг билдирувида.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси криминал Камчи Кўлбаевни «Жиноий гуруҳ тузиш ёки унга қатнашиш» ва «Жиноий йўл билан олинган даромадларни легаллаштиришда» гумон қилмоқда. Кўлбаев 2020 йилнинг 22 октябрь куни қамалган, бироқ Бишкек шаҳар суди 2 мартда уни ҳеч қаерга кетмаслик шарти билан қамоқдан чиқарган.

Кейинчалик МХДҚ криминалнинг қариндошлари давлатга келтирилган 250 млн сомнинг 49,6 миллионини тўлаганини билдирган. Қолган 200 млн сомни Кўлбаев апрелнинг охиригача тўлаши керак.

Қамчи Кўлбаев ким?

Кўлбаев криминал оламда «Коля-қирғиз» лақаби билан танилган. Олдин Кўлбаев таниқли криминал Рисбек Акматбаевнинг жиноий гуруҳига кирган, бироқ 1990 йиллар охирида улар келишолмай қолган.

2000 йили Акматбаевни ўлдириш ҳаракати бўлган — унинг ёнидаги икки тан соқчиси ўлдирилиб, криминалнинг ўзи яраланган. Кейинчалик бу жиноятни Кўлбаев қилгани айтилиб, у 25 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Криминал 2006 йили №8 ахлоқ тузатиш колониясидан ётоқ қамоғига ўтказилиб, бу ердан қочиб кетган.

Кўлбаев 2008 йили Москвада «тож кийиб», «қонундаги ўғри» аталган — бу криминал муҳитда энг юқори мақом ҳисобланади. Кўлбаевга «тождор» қилган криминаллар орасида Аслан Усоян («Дед Хасан») ва Вячеслав Иванков («Япончик») ҳам бўлган.

АҚШнинг собиқ президенти Барак Обаманинг маъмурияти 2011 йили Кўлбаевни энг катта наркобарон қатори таниган. 2012 йили эса АҚШнинг молия вазирлиги Кўлбаевни «Братский круг» халқаро жиноий гуруҳларнинг бир қисми деб билдирган. Шунингдек, 2017 йили АҚШнинг молия вазирлиги «қонундаги ўғри»ни қора рўйхатга киритган — АҚШ ҳукумати ўз ҳудудида Кўлбаевнинг мулкини аниқласа конфискация қилинади.

Бишкек шаҳар суди 2013 йили Кўлбаевни «пул талаб» қилгани учун уч йилга озодликдан маҳрум қилган. Бироқ у 2014 йили муддатидан олдин бўшатилган.

2018 йили ёзда Коррупция ва уюшган жиноятчиликни аниқлаш бўйича марказнинг (OCCRP) суриштирувчи журналистлари Кўлбаевнинг Дубайдаги уйини аниқлашган. Уларнинг маълумоти бўйича криминал Dubai Marina туманида Bahar 1 кўчасидан мулк сотиб олган — у ердаги мулкининг баҳоси 400 минг доллардан 700 минг долларгача етади.

2021 йили «Клооп», «Азаттык», OCCRP ва Bellingcat нашрларининг суриштирувчилари Кўлбаев билан божхона хизматининг собиқ ўринбосари Раймбек Матраимовнинг алоқаси борлигини аниқлаган.