Депутатлар референдумни ўтказиш бўйича қонун лойиҳасини биринчи ўқишда мақуллади. Овоз бериш қандай ўтди?

293

Жогорку Кенеш депутатлари 3 мартдаги йиғинда Конституциянинг янги лойиҳасини қабул қилиш учун референдумнинг қонун лойиҳасини биринчи ўқишда маъқуллашди. Қонун лойиҳасида референдумни 11 апрелга тайинлаш таклиф қилинган — шу куни бир қанча маҳаллий кенгашларга сайлов бўлади.

Мажлисга расмий равишда 96 депутат рўйхатга олинган — уларнинг 87 «маъқул», тўққизи «қарши» бўлган. Бироқ Жогорку Кенешнинг мажлислар залида депутатларнинг сони анча озлигини кўриш мумкин.

Депутат Дастан Бекешев мажлисга келмаган депутатларнинг ўрнида уларнинг касбдошлари ёки умуман бошқа одамлар овоз беришаётганини тасвирга олиб, ижтимоий тармоқларга жойлади. Масалан, Акилбек Жапаров ўзидан ташқари уч депутатнинг ўрнига овоз берган.

Қамоқда ўтириб «маъқул» бўлган депутат

Овоз бериш натижасида депутат Дуйшўн Тўрўкулов референдумни 11 апрелда ўтказишга «маъқул» бўлгани кўрсатилган. Бироқ Тўрўкулов 15 январда коррупцияга ва рейдерлик босиб олишда гумон қилиниб, МХДҚ томонидан қўлга олинган. 16 январда Биринчи май туман суди Тўрўкуловни икки ойга тергов қамоғига киритган.

Вафот этган ва қамоқдаги ташаббусчилар

Парламент йиғинида депутат Рискелди Момбеков референдум ҳақидаги қонун лойиҳасининг ташаббусчилари орасида вафот этган Алмазбек Акматов ва МХДҚнинг тергов изоляторида ўтирган Кубаничбек Жумалиев бўлгани эътиборни тортган.

«Илова ҳужжатлари жойланибди, 1 мартда киритилибди. Кейин 1 мартда киритилган ҳужжатда 65 депутатнинг имзоси бор, айтингларчи: Акматов Алмазни кеча дафн қилдикку. У қандай қилиб имзо қўйди? Ўлган одамга қандай қилиб имзо қўйдирдинглар? [...] Кубаничбек Жумалиев турмада қандай қўл қўйди?» — деб савол берди Момбеков.

Спикер Талант Мамитов бу процедурани «ўзининг юридик қонун-қоидаси бор» эканлигини айтиб, бироқ қонун-қоидани очиқлай олган йўқ.