Ўмурбек Текебаев депутатлик мандатидан тўлиқ ажратилди

258

«Ата-Мекен» партиясининг асосчиси Ўмурбек Текебаев мандатидан маҳрум қилинди. Мазкур қарор Олий суд томонидан 3 мартда қабул қилинди. энди суд қарори ўзгартирилмайди ва шикоят қилиш мумкин эмас.

«Азаттык» нашри Текебаев Олий суд қарорини кутмай суд мажлисидан чиқиб кетганини маълум қилди. У иш ярим йилдан бери давом этаётганидан норози бўлган.

«Сиёсий манфаат бўлиши мумкинми? Энди бу кўриниб турибди. Сооронбай Жээнбеков вақтида 1 йил 3 ой менинг ишим ҳал бўлмади. Янги ҳукумат келиб, айрим сиёсатчиларнинг иши бир кечада, ярим соатда ҳал бўлаётган бир вақтда менинг ишим 6 ойдан бери чўзиляпти. Менга мандатни қайтариб беришдан манфаатдор кучлар борми? Уларнинг судга таъсири борми? Буни ҳар бир сайловчи ўзи қарор чиқариши керак деб ўйлайман», — деган Текебаев.

Бу вақтгача МСК Бишкек шаҳар судининг Текебаевни мандатдан маҳрум қилиш қарори бўйича Олий судга шикоят қилган эди. Шаҳар суди 25 декабрда Бишкек маъмурий судининг МСК Текебаевга депутатлик мандатни ноқонуний берган деган қарорини кучида қолдирган эди.

Текебаев депутатлик мандатидан икки марта ажратилмоқда. 2017 йили коррупция ва таҳдид бўйича айбдор деб топилганда мандатидан маҳрум қилинган

Шундан сўнг сайлов комиссияси ўтган йилнинг 15 октябрида «Ата-Мекен» партиясининг лидерига мандатини қайтариб бериб, у яна парламентга депутат бўлиб келган. Бироқ унга қадар комиссия Текебаевга олтинчи чақирилишда бўш ўрин йўқ бўлгани учун мандатини қайтариб беришдан бош тортган эди.

Кўп ўтмай партиядоши Садик Шер-Нияз Текебаевни парламентга келиши учун мандатидан воз кечишга тайёрлигини билдирган. У МСКнинг раисаси Нуржан Шайлдабекова номига ариза ёзиб, мандатини партия лидери фойдаси учун бекор қилишни сўраган.