Юрист Замир Жоошев фейсбукдаги саҳифасида ИИВга Сооронбай Жээнбековни собиқ президент мақомидан маҳрум қилиш ҳақида ариза берганини билдирди.
Шу билан бирга Жоошев собиқ президентни сўроққа чақиришни ҳам сўради. Адвокатнинг айтишича, бунга қадар сиёсатчилар Ўмурбек Бабанов билан Ўмурбек Текебаев ОАВларига 2020 йилнинг 9 октябридаги оммавий тартибсизликларга Жээнбековнинг алоқаси борлигини айтишган.
«Жиноий иш асосида гувоҳларни ҳам, Сооронбай Жээнбековни ўзини ҳам сўроқ қилиш керак. Шу сабаб мен кеча ИИВга тергов амалларини олиб боришни ва Бош прокуратура орқали Сооронбай Жээнбековни собиқ президент мақомидан маҳрум қилиш ҳақидаги илтимосни бердим. Бу «Президент фаолиятининг кафолати ва собиқ президент мақоми» ҳақидаги қонуннинг 12-моддасига тўғри келади», — деб ёзган Жоошев.
Жоошев Жээнбеков Саудия Арабистонидан қайтиб келгунча прокуратура билан ИИВ уни собиқ президент мақомидан маҳрум қилиш учун «камида ярим ишни» битиришади деб умид қилишини қўшимча қилди.
Аввалроқ Жоошев 5-6 октябрдаги митингларда жабрланганлар Жээнбековни жавобгарликка тортиш ҳақидаги аризасини Бош прокуратурага юборишганини хабар қилган эди.
Улар собиқ президент Сооронбай Жээнбековни «ҳуқуқ тартибот органи ходимларини митингчиларни куч билан тарқатишга буйруқ берган» деб ҳисоблаб, жавобгарликка тортишни талаб қилишган. Бундан ташқари, улар бу ҳаракатлари учун Жээнбековни собиқ президент мақомидан маҳрум қилиш керак деган фикрда.
Жоошев Атамбаевнинг адвокати
Замир Жоошев — собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг адвокати. Алмазбек Атамбаев 2011 йилдан бошлаб олти йил президент бўлган. У Сооронбай Жээнбеков президент бўлган вақтда «қонундаги ўғри» Азиз Батукаевни қамоқдан бўшатиш бўйича ва 2019 йилдаги Қўйтош воқеаси бўйича қамоққа олинган.
Батукаевнинг ишини текшириш Атамбаевни собиқ президентлик мақомидан, дахлсизлигидан ва бошқа имтиёзларидан маҳрум бўлиш сабабларидан бири бўлган.
Батукаев 2013 йили лейкоз ташхиси асосида озод қилинган. Кейин тиббий маълумотнома қалбаки экани маълум бўлган. ИИВ Батукаевни озод қилиниши бўйича ишнинг асосида Атамбаевни уч марта сўроққа чақирган, бироқ собиқ президент терговга келмаган.
Натижада ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари Атамбаевни куч билан қўлга олишган. У Қўйтош қишлоғидаги уйида икки кун давом этган қаршиликлардан кейин таслим бўлган. Биринчи май туман суди ва Бишкек шаҳар суди Атамбаевни Батукаевнинг иши бўйича 11 йилга озодликдан маҳрум қилган. Бироқ 2020 йилнинг 30 ноябрида Олий суд Батукаевни ноқонуний бўшатиш бўйича ишни қайта терговга юборган.
Жээнбековнинг истеъфоси
Собиқ президент Сооронбай Жээнбеков 4 октябрдаги парламент сайловидан кейин бошланган сиёсий инқироз вақтида 2020 йилнинг 15 октябрида истеъфога чиққан.
Сайловдаги кўплаган ўзгартиришлар сабаб сайлов натижасидан норози бўлганлар Бишкекнинг марказий майдонига чиқишган. 6 октябрга ўтар кечаси ҳуқуқни тартибот органи ходимлари билан фуқаролар ўртасида тўқнашув бўлган.
Мазкур тартибсизликлар вақтида собиқ депутат Садир Жапаров тарафдорларининг ёрдами билан қамоқдан чиқарилиб, ўлканинг премьер-министри ва президенти вазифасини бажарувчи этиб тайинланган.
Жапаров ўлканинг асосий лавозимларини эгаллаш билан бирга кадр сиёсатини олиб бориб, муҳим хизматларга сафдошларини, уларнинг орасида МХДҚнинг амалдаги раҳбари Камчибек Ташиев билан биргаликда тузган «Мекенчил» партиясидаги касбдошларини тайинлаган.
Бундан ташқари, Жапаров ўлканинг бошқарув формасини ва Конституциясини ўзгартириш бўйича референдумни ҳам таклиф қилган.
Қирғизистоннинг бошқарув формасини танлаш бўйича референдум 10 январда ўтиб, президентлик бошқарув формаси енгган. Шу куни ўлкада муддатсиз президентлик сайлови ўтиб, унда Жапаров ғолиб бўлган.