ИИВнинг матбуот хизмати билдиришича, Қирғизистондаги жинсий зўравонликдан жабрланган болаларнинг 80% қариндошлари ёки танишларидан жабрланишган.
Шунингдек, вазирлик ёш болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ўз уйида ёки меҳмонга борганда бўлишини билдирди. Шу сабаб ИИВ ота-оналарни болаларини эркак кишилар билан ёлғиз қолдирманглар деб маслаҳат беради. Ким бўлмасин, узоқ қариндошлар бўлса ҳам шу қоидани болаларга ўргатиш керак.
«Болаларнинг уяли телефонига «Менинг ҳудудий нозирим» ва «112 Қирғизистон» иловаларини ўрнатиб беринг. Бу қўлланмалар ёрдам кераклиги ҳақида билдирув жўнатишга ва фавқулодда ҳолат юзага келса, нима қилиш кераклиги ҳақида маълумот олишга ёрдам беради», – деб айтилган билдирувда.
Қирғизистонда вояга етмаган болаларга нисбатан жинсий зўравонлик ҳолатлари ҳар йили рўйхатга олинади. Меҳнат ва ижтимоий ривожлантириш вазирлигининг маълумоти бўйича, 2020 йилнинг биринчи 4 ойида Қирғизистонда 24 вояга етмаган болаларга нисбатан жинсий зўравонлик бўлган.
Шунингдек, муассасанинг маълумотига кўра, 2018 йил охирида, 2019 йилнинг бошида олиб борилган икки ойлик суриштирувлар натижасида болаларга нисбатан зўравонлик факти 55тани ташкил қилган. Болаларнинг ўзлари ҳеч қаерда рўйхатга олинмаган.
Шу 55 факт ичидан 27 ҳолат — доим бўлиб турган жинсий зўравонлик. Икки ёки уч киши қизларни 10-12 йил давомида зўрлаган фактлар бўлгани таъкидланган.