Қирғизистоннинг «дини — Ислом». Миқтибек Арстанбек Конституциядан «дунёвий мамлакат» тушунчасини олиб ташлашни таклиф қилди

265

«Нур» сиёсий партияси Конституциявий кенгашга Бош қонунга Қирғизистоннинг «дини — Ислом» деган тушунчани киритишни таклиф қилмоқда. Бу ҳақда партиянинг асосчиси, жамоат арбоби Миктибек Арстанбек билдирди.

«Қирғизистон Республикасининг 85% мусулмон эканини ҳисобга олиб, «Нур» сиёсий партияси ёзилаётган Конституция лойиҳасига қуйидагича таклиф киритади: [...] Қирғизистон Республикаси — мустақил, демократик, унитар, ҳуқуқий ва ижтимоий давлат. Дини — ислом», — деб ёзилади партиянинг таклифида.

Арстанбек бу ташаббусни Конституциявий кенгашда ҳам кўтарди. Бироқ бошқа аъзолар бу таклифни қўллашмади.

Конституциявий кенгашда ўтирган Қирғиз фанлар академиясининг вакили Муратбек Иманкулов бу ташаббус Арстанбекнинг «сиёсий амбициялари» билан боғлиқ эканини билдирди.

Дин ишлари бўйича давлат комиссиясининг собиқ етакчиси Зайирбек Эргешов «дунёвий давлат» деган тушунча алмашиб қолганини билдирди.

“«Дунёвий» деганда кўпроқ «динсиз» деб тушуниб олишади. «Дунёвий» дегани динни давлатга тобе эмаслигини ва бошқа динларга тенг муносабатда бўлишни англатади. Агар «дунёвий давлат» деган тушунчани олиб ташласак, давлат динга боғлиқ масалаларга аралаша бошлайди. Бу нарса СССР бўлган», — деб тушунтирди Эргешов.

Кейинчалик Миктибек Арстанбек «Vesti.kg» нашрига Қирғизистонни «Ислом давлати»га алмаштиришни таклиф қилмаганини билдирди. Унинг айтишича, у тарафдорлари билан Бош қонундан «дунёвий» деган тушунчани олиб ташлашни таклиф қилган.

«Конституциянинг янги лойиҳасида «дунёвий» деган сўз бўлган, биз уни олиб ташлашни таклиф қилдик. Шунингдек, давлат тузилиши ўзгартирилмайди — демократик ва унитар тушунчалари қолади», — деб тушунтирди у.

10 январда ўтган муддатсиз президентлик сайловига Миктибек Арстанбек ҳам қатнашган. У сайловчиларнинг 1,74%га эга бўлиб, учинчи ўринга чиққан. Бундан ташқари, у сайлов дастурида диний кун тартибини ҳам илгари сурган. Унинг дастурида «Бугун иймон вақти» деган бўлимида «атеистик қоронғиликдан халос бўлиш» ҳақида айтилади.

Асосий саҳифадаги сурат: «Кактус» нашри