Меҳнат ва ижтимоий ривожлантириш вазирлигининг матбуот хизмати февраль ойида оиладаги зўравонликдан жабрланганлар ёки оғир турмуш зарбасига учраганлар учун 117 ахборот-маълумот линияси ишга тушишини билдиришган. Мазкур хизматга қўнғироқлар бепул бўлади.
«117 хизмати — оилавий зўравонликдан жабрланган одамларга ёрдам кўрсатишдаги муҳим ишлардан бири. Унинг ёрдами билан зўравонлик воқеаларига зудлик билан чора кўрамиз, зўравонликни олдини олишга маълумот тўплаймиз, қарор қабул қилиш учун вазиятга мониторинг ўтказамиз ва ҳуқуқий, руҳий ёрдам кўрсата оламиз», — деб таъкидлади муассаса етакчиси Ализа Солтонбекова.
Ижтимоий ривожлантириш вазирлигидан линия ҳозирча эрталабки соат 9:00дан кечки 18:00гача ишлашини, кейинчалик уни туну кун ишлаш режимига ўтказиш режалаштирилаётганини билдиришди.
«Қўнғироқларга вазирликнинг туман ва шаҳар бошқармаларининг ходимлари жавоб беришади. Энди улар вазирликка тегишли бўлган барча саволлар бўйича фуқароларга консультация беришади», — деб билдиришди матбуот хизматидан.
Меҳнат ва ижтимоий ривожлантириш вазирлигида болалар учун 11 ишонч телефони ҳам ишлайди. Операторлар туну кун болаларнинг ҳуқуқи бузилгани бўйича қўнғироқларни қабул қилади ва маслаҳат бериб, руҳий ёрдам кўрсатишади.
Қирғизистонда аёлнинг ўлимига сабаб бўлган оиладаги зўравонлик ҳолатлари кўпайди. ИИВнинг статистикасига қараганда, 2020 йил давомида 9025 оилавий зўравонлик рўйхатга олинган. Бироқ кўп ҳолларда яқинларидан зўравонлик кўрганлар босим ва бошқа таъсирлар сабаб милицияга мурожаат қилишмайди.