Финполнинг собиқ бўлим етакчиси Токоев икки ойга қамоққа олинди

333

Иқтисодий жиноятчиликка қарши курашиш бўйича давлат хизматининг (Финпол) ички текширув ва хавфсизлик бошқармасининг собиқ раҳбари Айбек Токоев МХДҚнинг тергов изоляторига қамоққа олинди.

Бишкекнинг Биринчи май туман суди Токоевни 18 мартгача қамоқда қолдириш қарорини қабул қилганини хабар қилди.

Миллий хавфсизлик хизмати Айбек Токоевни 18 январда «Ноқонуний бойиш» моддаси бўйича судгача текширув асосида қўлга олинган.

МХДҚ билдиришича, дастлабки маълумотлар бўйича қўлга олинган амалдорнинг активлари ва мулкининг умумий суммаси 4 млн долларни ташкил қилади. Махсус хизмат Токоевнинг қонуний даромади мулкларни сотиб олишга сарфлаган пули билан мос келмаслигини айтган.

Айбек Токоев — 2014 йили молия полициясининг Ўшдаги бошқармасининг ўринбосари, кейин 2017 йили финполнинг Ўш шаҳридаги бошқармасининг етакчиси бўлиб ишлаган.

2020 йилнинг 5 октябридаги ўлкадаги тартибсизликлардан кейин Молия полициясининг ички текширув ва хавфсизлик бошқармасининг раҳбарлигига тайинланган.

Аввалроқ суриштирувчи журналистлар Идирис Исаков, Марат Уралиев ва Болот Темиров Айбек Токоевнинг бойлиги бўйича суриштирувни эълон қилишган. Мазкур суриштирув Исаковнинг Ютуб каналига 9 январда эълон қилинди. мазкур маълумотдан сўнг Токоев «ноқонуний бойиш»да гумон қилиниб қўлга олинган.

Токоевнинг бойиб кетган яқинлари

Токоев молия полициясига ишга киргандан кейин унинг қариндошлари кетма-кет кўчмас мулкларни сотиб олишган. Хизматга келгунча қадар уларнинг деярли мулклари бўлмагани аниқланган. Бироқ қариндошлари 2014 йилдан бошлаб тўплаган бойликларини октябрдаги воқеалардан сўнг сотиб ёки бошқа одамларга ўтказиб юборишган.

Токоев ишлаётган органнинг сўнгги олти йилдаги расмий маоши 25 минг сом атрофида, унинг аёли эса ҳеч қаерда ишламайди. Ҳозирда Айбек Токоевнинг номида бирорта ҳам мулк йўқ. Бироқ аёлининг номига бир қанча мулклар рўйхатга олинган.

Токоевнинг қайнотаси Шамшидин Омуралиевнинг номида 2014 йилгача биргина Қорасувдаги ўзининг уйи бўлган. Куёви молия полициясига ишга киргандан кейин 2015 йили 27 апрелда Ўшнинг энг қиммат бўлган «Ўш минораси» номли кўп қаватли уйдан бир кунда икки квартирани ер тўладаги гаражи билан сотиб олган.

Ўша йили Токоевнинг тоғаси бир кунда икки уй сотиб олган. Унинг бири Исанов кўчасидаги янги қурилган кўп қаватли уйдан бўлса, иккинчиси «Ўш минораси»дан гаражи билан олган. Унинг турмуш ўртоғи 2017 йили Ўш — Новқат ва Ўш — Олай йўлларига бензин қуювчи шохобчаларни очиб, уни «RedPetroleum» деган ишхонага ижарага берган. Бундан ташқари, у Ўш — Олай йўлидаги ёқилғи қуйиш шохобчасининг ёнига чойхона, бильярдхона, ошхона ва дўкон очиб қўйган. Ўш — Новқат йўлидаги шохобчани ўтган йилнинг октябридаги тўполондан сўнг сотиб юборган.

Айбек Токоевнинг синглисини номида 2016 йилгача бир квартира билан бир ёнилғи қуйиш шохобчасидан бошқа нарса бўлмаган. Акаси хизматга келгандан кейин у ҳам «Ўш минораси»дан бир уй сотиб олган. Кейинчалик Янги-Талап қишлоғидан уч ер участкасини ва Қорақулжанинг марказидан бир савдо марказини сотиб олгани улгурган.

«Токоевнинг президент сайловидаги роли»

Суриштирувчи журналистларнинг айтишича, Токоев 2017 йили президентлик сайловида муҳим роль ўйнаган. Ўшнинг молия полициясида ишлаган ходимлар Токоевнинг туғилиб-ўсган юрти — Қорақулжа туманининг Янги-Талап қишлоғидаги сайлов участкасига бориб, №2 формаси бўйича овоз беришган.

Янги -Талаб қишлоғида умумий сайловчиларнинг сони 4 октябрь куни 691 киши бўлган. Улардан 183 бошқа ҳудудлардан келгани аниқланган.

Токоевни айнан шу сайловдан кейин лавозими кўтарилган.