Атамбаев даволаниш учун №47 колонияга ўтказилди

314

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев соғлиги сабаб Бишкекдаги №47 колонияга ўтказилди. У Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов қамоғида сақланаётган эди.

4 январда Бишкек шаҳар суди томонидан Атамбаевнинг эҳтиёт чораси қаралиб, суд туман судининг қамоқда қолдириш ҳукмини ўзгартирмаган. Унинг оқловчиси Замир Жоошев Атамбаевни уй қамоғига чиқаришни сўраган.

Жоошев «Азаттык» нашрига унинг мижозининг қон босими кўтарилаётгани ва юраги хасталигини айтган. Шунингдек №47 колония қамоқдагиларга тиббий ёрдам кўрсатишга мослаштирилган деб маълум қилинди.

Ўтган йилнинг 25 декабрида МХДҚ раиси Камчибек Ташиев Атамбаевнинг аҳволи билан танишгани хабар қилинган. Атамбаев тергов қамоғи ходимларининг қамоқда сақлаш шартлари ва ҳаракатлари бўйича даъвоси йўқлигини айтган. Бироқ у соғлиги ёмонлашганидан норози бўлган.

«МХДҚнинг раиси тегишли хизматларга Алмазбек Атамбаевнинг соғлигини диққат билан текширишни, зарур бўлган ҳолда уни тиббий муассасага ётқизиш ҳақида қарор қабул қилишни топширди», — деб ёзилади махсус хизматнинг маълумотида.

Бу вақтгача №47 колонияга МХДҚнинг тергов қамоғидан «қонундаги ўғри» Камчи Асанбек (Кўлбаев) ҳам «соғлиги сабаб» ўтказилгани маълум қилинган.

Алмазбек Атамбаевга боғлиқ ишлар

Алмазбек Атамбев 2011 йилдан бошлаб олти йил президент бўлган. Кейин «қонундаги ўғри» Азиз Батукаевни қамоқдан ноқонуний чиқариш бўйича ва 2019 йилдаги Қўйтош воқеаси бўйича қамоққа олинган.

Батукаевнинг ишини текшириш Атамбаевни собиқ президентлик мақомидан, дахлсизлигидан ва бошқа имтиёзларидан маҳрум бўлиш сабабларидан бири бўлган.

Батукаев 2013 йили лейкоз ҳақидаги маълумотнома асосида озод қилинган. кейин тиббий ҳужжат қалбаки экани маълум бўлган. ИИВ Батукаевни озод қилиниши бўйича ишнинг асосида Атамбаевни уч марта сўроққа чақирган, бироқ собиқ президент терговга келмаган.

Натижада ҳуқуқ тартибот органлари Атамбаевни куч билан ушлашган. У Қўйтош қишлоғидаги уйида икки кун давом этган қаршиликлардан кейин таслим бўлган.Биринчи май туман суди ва Бишкек шаҳар суди Атамбаевни Батукаевнинг иши бўйича 11 йилга озодликдан маҳрум қилган.

2019 йилнинг 30 ноябрида Олий суд Батукаевни ноқонуний бўшатиш бўйича ишни қайта кўриб чиқишга юборган. Жоошевнинг айтишича, мазкур иш Биринчи май туман судининг судьяларининг янги таркибида қаралади.