МСК Қорасувдаги сайловчиларни қўрқитиш факти бўйича текширувни бошлади

Марказий сайлов комиссиясининг тезкор гуруҳи Ўш вилоятидаги Қорасув туманига қарашли Киров қишлоғида сайловчиларни қўрқитиш факти бўйича аризани қараб, текширишни бошлади.

«Умумий иш» («Общее дело» ) жамоатчилик фонди 2021 йилнинг 2 январида Киров қишлоғида бўлган қонунбузарлик ҳақида МСКга мурожаат қилган. Маълумотга кўра, бақувват номаълум кишилар қишлоқдаги уйларни айланиб, президентликка номзод Садир Жапаров сайловда «кўп овоз билан ўтмайдиган бўлса, жисмоний куч қўллашларини айтиб» сайловчиларни қўрқитишган.

Бу ҳақда Қорасув ҳудудий сайлов комиссияси милиция ва Бош прокуратурага маълум қилди.

Мазкур туманда 440 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади — бу Талас ва Норин вилоятларининг аҳолисини сонидан ҳам кўп, деярли Иссиқкўл вилоятининг аҳолиси билан тенг. Парламент сайловидаги ташвиқотлар вақтида «Биримдик» партиясидан номзод бўлган Тўлўнбай Нурбаев Қорасув тумани «аҳамиятли» эканини айтиб, депутат Асилбек Жээнбеков сайлов ўтгунча ҳудудда бўлишини билдирган.

Бундан ташқари, мазкур ҳудудда сайлов сабаб кўплаган қонунбузарликлар рўйхатга олинган. Масалан, сайловга икки кун қолганда «Мекеним Кыргызстан» партиясининг ташвиқотчиси 313 минг сом пул билан овоз сотиб олишда гумон қилиниб, қўлга олинган.

Шунингдек, ижтимоий тармоқларда «Мекеним Кыргызстан»нинг собиқ номзоди, Қорасув туман билим бериш бўлимининг раҳбари Гулайим Машрапованинг ҳар бир ўқитувчидан “10 сайловчи олиб келишни» талаб қилган аудиоёзуви тарқалган. Машрапова бу маълумотни инкор қилган, бироқ милиция бу воқеани текшира бошлаган.