Парламент «Ахборотни манипуляциялаш тўғрисида»ги қонунни «тирилтириш»га қарор қилди — Бекешев

313

Депутат Дастан Бекешев парламентнинг депутатлари «Ахборотни манипуляциялаш тўғрисида»ги қонунни «тирилтириш»га қарор қилганини твиттерда ёзди.

Жогорку Кенеш мазкур қонун лойиҳасини 14-декабрда кўриб чиқадиган бўлди. Бу сафар депйтатлар 2020-йилнинг август ойида қонунга қўл қўйишдан бош тортиб, тўлиқлаш учун қайтадан парламентга жўнатган собиқ президент Сооронбай Жээнбековнинг қарши фикрини ҳисобга олишади. Қонуннинг лойиҳаси парламент муҳокамаси учун кун тартибига киргизилган.

Можарога сабаб бўлган қонун

Қонунни депутат Гулшат Асилбаева илгари сурган. Жамоатчиликнинг, фаолларнинг ва юристларнинг норозилигига қарамай, Асилбаева лойиҳа жамоат муҳокамасига қўйилгандан бошлаб ўз қонун лойиҳасини ҳимоя қилиб келган.

Қонун лойиҳаси кескин танқид қилиниб, юристлар эса бу қонун фуқароларнинг сўз эркинлигига бўлган ҳуқуқини «жиддий» бузади ва интернетга давлат чекловини қўяди деб таъкидлашган.

Гулшат Асилбаева билан Айнура Осмонова бу қонун лойиҳаси орқали интернетда ёлғон маълумот тарқатишга бўлган назоратни кучайтиришни ҳамда интернет провайдерларга қўлланувчилар ҳақида маълумотни сақлаш мажбуриятини юклашни таклиф қилишган.

«Адилет» ҳуқуқий клиникаси қонун лойиҳасини таҳлил қилиб чиқиб, қўлланувчининг фамилияси ва   инициаллари мажбурий турда ёзилиши керак деган пунктни «абсурд» деб баҳолаган. Ҳуқуқий клиника таъкидлаганидек, анонимлиликка ҳар бир фуқаронинг ҳақи бор, интенетда эса қонун бузган одамни топиш учун махсус хизматнинг имкониятлари етарли.

Шунингдек қонунда ваколатли орган ёлғон деб ҳисоблаган маълумотга чеклов қўйиши мумкин деб кўрсатилган. Аммо Қирғизистоннинг ҳозирги қонунига кўра, бундай қарорни биргина суд чиқара олади.

Factcheck.kg журналистлари қонунни батафсил таҳлил қилиб чиқишган. Унга кўра мазкур қонун лойиҳаси Россияда қабул қилинган шу каби қонун билан 64%га ўхшашлигини аниқлаган. Айрим моддалар эса ҳеч ўзгартирилмаган ҳолда кўчирилган.

Жамоатчиликнинг қаршилигига қарамай, парламентнинг депутатлари қонун лойиҳасини мақуллаб,  президент Сооронбай Жээнбековга қўл қўйиш учун жўнатган. Аммо Жээнбеков қонунни қабул қилмай, қарши фикрини билдирган.

Жээнбековнинг матбуот хизмати президент ҳужжатнинг матнига қарши фикрини айтганини билдирган — у лойиҳада келтирилган ҳуқуқий муомалаларнинг субъекталарини ҳамда уларни амалга ошириш мехнизмларини қайта кўриб чиқишни тавсия берган. Шунингдек президент ҳужжатда ёзилган техник аспектларни қайта кўриб чиқишни таклиф қилган.

Асосий иллюстрациянинг муаллифи: Татьяна Зеленская