Жапаров Норин вилоятининг милиция ходимларига нималарни ваъда қилди?

Президент вазифасини бажарувчи Садир Жапаров Норин вилоятида ҳуқуқ тартибот органи ходимлари учун қурилган кўп қаватли уйнинг очилишида милиционерларнинг маошини кўпайтириш масаласини қараб кўришини билдирди. У куч тизимларидаги коррупцияга мана шу милиция ходимларининг маоши пастлиги сабаб деб ҳисоблайди.

«Иш ҳақи оз муассасада албатта коррупция бўлади. Оила, бола-чақа боқиш керак, ўқитиш керак, кийинтириш дегандай. Бунга сизларнинг маошингиз етмайди. Бироқ 30 йил чидаб келдингиз, бир йил-бир ярим йил белингизни маҳкам боғлаб, бугунги иш ҳақингиз билан ишлаб туринглар», — деди Жапаров.

Шу билан бирга ҳуқуқни ҳимоя қилиш органларининг ҳар бир ходимини шахсий уй билан таъминлаш режасини айтиб ўтди.

«Шунга етамиз деган ишончдамиз. Сабаби ишни бир ойдан бери бошлаганмиз — қандай йўл билан етишимизга кўзимиз етди. Бунга сизларнинг тартибни, адолатни ва қонунийликни ўрнатишда, коррупцияни таг-томири билан йўқ қилиш учун ёрдамингиз керак бўлади», — деб таъкидлади Жапаров.

Реформа ўтказиб, қонунларни ўзгартирамиз

Жапаров фуқароларни майда-чуйда жиноятлари учун озодликдан маҳрум қилган Қирғизистоннинг амалдаги қонунини ўзгартириш керак деб ҳисоблайди.

«Одамларни жарима солиш ва тартибга чақириш йўллари билан жавобгарликка тортиш керак. [...] Турмада ҳақиқий жиноятчилар ўтириши керак, майда-чуйда, турмуш-тирикчиликда жиноят қилганларни қамашнинг кераги йўқ», — деди Жапаров.

Жапаров қамоқларда уларни таъминлаш учун давлат бюджетидан катта миқдорда маблағ сарфланаётганини таъкидлади.

«Уларни таъминлашга миллионлаган пул кетмоқда. Бир мисол келтирайин: маршруткада бировнинг 2 минг сомлик телефонини олиб қўйган экан. Бунинг учун 8 йилга қамалибди. Мана 5 йил ётди яна уч йили қолди. 5 йилда камида давлат унга 500 минг сом пул сарфлади — уч маҳал овқат, кийим-кечак ва бошқалар», — деди Жапаров.

Унинг айтишича, ҳуқуқ бузарлар қамоққа қамалгандан кўра жарима тўласа, давлат бюджетига қўшимча маблағ тушарди.

«Масалан, жарима солиб, уни бир-икки йилда, ойига шунча сомдан тўлайсан деб қўйса бўлади. Шунда тартибга ҳам чақирган бўламиз, давлат ғазнасига ҳам фойда бўлади. Халқ ҳисобидан уларни боқмаймиз. Улар аксинча давлатга фойда келтириб туриши керак. Биз шундай йўл тутамиз», — деб билдирди Жапаров.

Жапаровнинг президентлик сайлови олдидан ҳудудга бориши

Президент вазифасини бажарувчи ва премьер-министр Садир Жапаров Қирғизистоннинг вилоятлари бўйича амалга оширган иш сафари вақтида Норин вилоятига иккинчи марта бормоқда. Бу сафар у вилоятга Юқори Норин ГEС каскадини кўриш ва куч ходимлари учун кўп хонадонли уйнинг очилишига қатнашиш учун келган.

Жапаров 25 октябрда Норин вилоятига келиб, Мантиш қишлоғидаги ижтимоий қишлоқнинг қурилишига капсула солган. Бу Жапаровнинг премьер-министрликка тайинлангандан кейинги биринчи расмий иш сафари бўлган. Ташриф вақтида президентлик сайловига қатнашишини ҳам билдирган.

Жапаров Нориндан ташқари, Ўш, Жалолобод, Баткен вилоятларига борган. Ҳар бир вилоятда Жапаров маҳаллий халқ билан учрашиб, унга юзлаган одамлар келган.

Муддатидан олдинги президентлик сайлови 2021 йилнинг 10 январида ўтади. Президентликка номзод бўлиш учун Жапаров давлат раҳбари ва премьер-министрлик ваколатларини ўтказиб бериши керак. Жапаровнинг ҳудудларни айланиши норасмий ташвиқот ҳисобланади.

Президентликка номзодларни сайлашни ташвиқоти 15 декабрда бошланади. 9 ноябрга кўра МСКга президентликка номзод қатори 9 киши ариза берган.