Қирғизистон ҳукумати олтин ва кўмир конлари лицензияси учун ким ошди савдосини “ошкораликни тўлалигича таъминлаш” мақсадида яна қолдирди. Ким ошди савдоси 2 ноябрга белгиланганди, биринчи уриниш “қирғиз ерини сотиш”га қарши фаоллар томонидан тўхтатилганди.
Геология Давлат агентлиги матбуот хизмати ким ошди савдоси “юқори даражада шаффоф” бўлиши учун қолдирилди, деб хабар беради.
“Ким ошди савдосининг қолдирилиши унинг тўлалигича ошкоралигини ва жараёнларнинг шаффофлигини таъминлаш, маҳаллий ҳукумат ҳамда жамоатчилик фикрини ҳисобга олиш, шунингдек конларнинг самарали ва мақсадга мувофиқ фойдаланишига шароит яратиш сабабидандир”, - деб ёзилади агентлик матбуот релизида.
Бу айнан қандай йўл билан амалга оширилишига муассаса ойдинлик киритмади.
Ким ошди савдоси номаълум муддатга кўчирилганини қўшимчалади матбуот хизмати.
12 нафар олтин ва кўмир кони лицензияси учун мўлжалланган ким ошди савдоси 28 августда тўхтатилганди.
Ўшанда ким ошди савдоси ўтказилаётган залга “Қирғиз ёшлар кенгаши” ва “Асаба” партияси фаоллари бостириб кириб, бошловчининг қўлидан микрофонни тортиб олган ва “Қирғиз ерини сотиш”га йўл қўймасликларини эълон қилганди.
Ким ошди савдосининг бузилиши Қирғизистон Биринчи ижтимоий каналидаги тўғридан-тўғри эфирда қўрсатилган.
Бу можаро юзасидан ИИВ “безорилик” моддаси бўйича жиноий иш қўзғаган, лекин тўполон иштирокчиларидан фақат бир кишигина қўлга олинган.
Табиий конларнинг кимга тегишлилиги масаласи бугунги Қирғизистон сиёсатчилари орасидаги асосий баҳслардан бири.
“Қумтор” олтин конини миллийлаштириш учун ўтказилган митингдан кейин октябрь ойида мамлакатнинг асосий мухолифчиларидан бири “Ата Журт” партияси депутати Камчибек Ташиев қўлга олинганди.
У митинг вақтида ҳукуматни куч билан босиб олишга ҳаракат қилганликда айбланади.