Улукбек Кочкоров: Ўз ихтиёрим билан ишдан кетганимни интернетдан билдим

342

Собиқ ижтимоий ривожлантириш вазири Улукбек Кочкоров ишдан ўз ихтиёри билан кетгани бўйича интернетдан билганини айтиб, мурожаат қилди.

У президент вазифасини бажарувчи ва премьер-министр Садир Жапаров уни лавозимдан олганини «трагедия эмас» деб билдирди. Бироқ уни ўлканинг ҳолати ўйлантиришини таъкидлади.

«Ўз истагим билан, ўз аризам асосида кетганлигим ҳақида сизлар каби ман ҳам интернетда билдим. Бироқ бу фожиа эмас, мени ўкинтиргани, ўйлантиргани Қирғизистоннинг аҳволи. Бахтга қарши Қирғизистон бугун катта хавф остида. Сиёсатда бўладими, иқтисодда бўладими, аҳолининг яшаш даражаси бўладими Қирғизистон катта жарликка келди десам бўлади», — деди у.

Кочкоров сўнгги 30 йилдаги нотўғри иқтисодий сиёсат, унинг ичида маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни йўқ қилиб, Қирғизистон ички бозорининг 80 фоизи хорижлик товар ишлаб чиқарувчилар эгаллашига шароит яратилганини айтди. Натижада миллиондан ортиқ киши чет ўлкада меҳнат миграциясида юрибди.

Расмий маълумотлар бўйича қирғизистонликларнинг 20 фоизи камбағалликда яшашини, бироқ Миллий статистика қўмитасининг маълумотига кўра аҳолининг 80 фоизининг кундалик топган даромади тирикчилик учун етмаслигини билдирди. 2019-йилнинг хулосаси билан бир кишига бир ойда керак бўладиган сумма 4806 сом деб таъкидланди.

Кочкоров ишдан бўшатилгандан кейин унинг ўрнига ижтимоий масалалар бўйича собиқ вице-премьер-министр Аида Исмаилова таклиф қилинган. Бироқ Жогорку Кенеш депутатлари унинг номзодини мазкур лавозимга маъқул кўришмаган.

Улукбек Кочкоровнинг 27-октябрда ишдан кетгани маълум қилинган эди. У мазкур лавозимга 2018-йили октябрда тайинланган. Кочкоров 4-октябрда бўлган парламент сайловига «Биримдик» партияси билан қатнашгани сабаб вақтинча ишдан кетган эди. Сайлов натижаси бекор қилингандан кейин иш ўрнига қайтган.