Сиёсатчи Адахан Мадумаров президентлик сайловига қатнашади

282
Адахан Мадумаров

«Бутун Қирғизистон» партиясининг лидери Адахан Мадумаров 30 октябрда матбуот анжумани ўтказиб, президентлик сайловига қатнашишини билдирди. Мадумаров президентлик сайловига номзодини партия эмас, ўзини-ўзи кўрсатишини айтди.

«Партиянинг таклифи билан эмас, мен шахсан Қирғизистон фуқароси қатори номзодимни кўрсатяпман. Сабаби Қирғизистон Республикасининг президенти бирорта ҳам сиёсий партиянинг, гуруҳнинг ёки бирор бир манфаатдор синфнинг аъзоси бўлмай, бутун Қирғизистон Республикасининг манфаатини, барча миллатларнинг, сиёсий гуруҳларнинг сиёсий манфаатларини ҳимоя қилган инсон бўлиши зарур», — деди Мадумаров.

Марказий сайлов комиссияси президентни муддатидан олдин сайлашни 2021 йилнинг 10 январига белгилаган. Амалдаги президент вазифасини бажарувчи премьер-министр Садир Жапаров давлат раҳбари танлаб олингандан кейин конституциявий ислоҳотлар ўтказилишини айтган. Жапаров ҳам президентлик сайловига қатнашади.

МСК президентлик сайловини ўтказишга 549,1 млн сом кераклигини билдирган.

Собиқ президент Сооронбай Жээнбеков 15 октябрда ўзининг истеъфосини маълум қилди. Бунга парламент сайловининг натижасидан кейинги ўлкадаги сиёсий инқироз сабаб бўлган.

Конституция бўйича янги президент сайлангунча давлат раҳбари вазифаларини Жогорку Кенешнинг раиси бажариши керак. Бироқ парламент спикери Канат Исаев президентлик вазифаларидан бош тортиб, унинг ваколатлари премьер-министр Садир Жапаровга ўтказилган.

Адахан Мадумаров олдин ҳам икки президентлик сайловига қатнашган. У 2011 йилдаги сайловда Алмазбек Атамбаевга (63,24%) мағлуб бўлиб, 14,77% билан иккинчи ўринни олган. 2017 йилда ўтган президентлик сайловида Мадумаров 6,57% билан учинчи ўринни олган — унда биринчи ўринни Атамбаевнинг меросхўри Сооронбай Жээнбеков (54,22%), иккинчи ўринни Ўмурбек Бабанов (33,49%) олган.