Ўш вилоятининг Қорасув туманида машина ёниб, унинг ичидаги икки ёш бола ҳалок бўлди. Уларнинг бири бир, иккинчиси эса тўрт ёшда бўлган. Бу ҳақда «Турмуш» нашри ёзди.
Ҳодиса 24 октябрда бўлган. Маълумотга кўра, қишлоқдаги уйлардан биридаги «Деу Матиз» русумидаги машинада икки ёш бола ўйнаб ўтирган. Кўп ўтмай унинг эшиклари ёпилиб қолган. Кейинчалик машинада ёнғин чиқиб, натижада болалар куйик жароҳатини олишган.
Жабрланганларнинг яқинлари Қорасув ҳудудий касалхонасига етказишган. Бироқ олган жароҳати сабаб болаларнинг ҳаётини сақлаб қолишнинг имкони бўлмаган. Ҳозирда ёнғин сабаблари аниқланмоқда.