Премьер-министр ва президент вазифасини бажарувчи Садир Жапаров 30 кунлик иқтисодий амнистия эълон қилди. Бу қарорини «халқнинг талаби» деб тушунтирди.
У бундай имконият бир марта берилишини эслатиб «ғазнага тушмай қолган, ўғирланган пулларни» қайтаришни талаб қилди.
Жапаров иқтисодий амнистия беришнинг мақсади — давлат бюджетини тўлдириш, қўшимча даромад олиш, мамлакатдан чиқиб кетган ва чиқиб кетган ноқонуний капитални қайтариш, оффшор ҳисобдаги пулларни қайтариш, яширин бизнес ресурсларини тўлиқ қонунийлаштириш, тадбиркорлик муҳитининг ҳаммасига бир хил шароит яратиш, макро иқтисодда ижобий самараларга эришиш, ўлка иқтисодига зарар бўлган маблағни зудлик билан топиш, давлатнинг ташқи қарзларини тўлаш деди.
У энг даромадли энергетика, божхона, солиқ, дори-дармон, лицензия бериш, тоғ-кон ва бошқа тармоқларда ишлаган давлат ходимларига, тадбиркорларга ва фуқароларга ҳам мурожаат қилди.
«Ўзининг коррупция схемаларини тузиб, халқнинг ризқини тўнаб юрган порахўрларга, турли компанияларнинг улушларига ўтирган собиқ амалдорларга, йирик корхоналарнинг акцияларига рейдерлик йўл билан ноқонуний эга бўлган амалдорларга, солиқларни тўламай қочиб юрган фуқароларга, даромадини оз кўрсатиб юрган тадбиркорларга, қонунларни бузган амалдорлар гуруҳига, министрликлар билан муассасаларнинг етакчиларига, божхонадагиларга ва молиячиларга 30 кун вақт бераман», — деди Жапаров.
Жапаров «ғазнадан ўғирланган ва мулкларини яширганларга» очиқлашни талаб қилди. Унинг айтишича, қисқа муддат ичида иқтисодий амнистия бериш ва пулларни, кўчар ва кўчмас мулкни қонунийлаштириш учун ҳуқуқий меъёрий асослар тайёрланади.
«Ҳуқуқни ҳимоя қилиш тергов органлари билан ҳамкорлик қилиб, ички инвестиция қилиб, пулларни иқтисодимизга қайтариб беринглар. Шунда ҳаммангизга маъмурий ва иқтисодий кечиримлар бўлади», — деди у.
Шунингдек, мулкни ва даромадни ихтиёрий равишда декларация қилиш жараёнида сир сақланади деб ишонтирди. «Иқтисодий амнистиядан фойдаланмасангиз, қонун доирасида қатъий чора кўрилади» деб огоҳлантирди.