Парламентга қайта сайлов 20-декабрда ўтади

344

Марказий сайлов комиссияси Жогорку Кенешга қайта сайловни 20 декабрга белгилади. Бу қарор МСКнинг йиғинида қабул қилинди.

Қирғизистонда 4 октябрда парламент сайлови ўтиб, бироқ унинг натижасидан норози бўлганлар митингга чиқиб, Оқ уйни ва бошқа давлат муассасаларини босиб олгандан кейин натижа бекор қилинган. Шундан сўнг Қирғизистонда ҳукумат алмашиб, президент, премьер-министр хизматдан кетган. Ҳозирда президент вазифасини ва премьерликни Садир Жапаров бажармоқда.

Бу орада қайта сайлов ўтказишга қанча маблағ кетиши аниқланмади. МСК 4 октябрда ўтган сайловда 200 млн сомга яқин маблағни тежаган эди. Дастлабки маълумотларга кўра, 20 декабрга белгиланган сайловга тахминан 460 млн сом сарфланади.

Kaktus.media нашри сайловга кетадиган маблағларга БМТнинг ривожлантириш дастури, ЕХҲТ, USAID каби бир қатор халқаро ҳамкорлар ёрдам беришга тайёр эканлигини ёзди.

Аввалроқ МСК қайта сайлов ўтказиш учун бир қанча қонунларга ўзгартириш киритишни Жогорку Кенешга таклиф қилган эди. Яъни, сайлов бўсағасини камайтириш, форма №2 билан яшаган вилоятидан бошқа жойларда овоз бери олиш имконини киритиш ва сайлов гаровини озайтириш. Энг аҳамиятли таклиф эса овоз бериш натижасини бекор қилишга туртки бўлган партияларни сайловга қатнаштирмаслик.

4 октябрда ўтган сайловда уч партия — «Мекеним Қирғизистон», «Қирғизистон» ва «Биримдик» олдинга чиққан. Бу ўз навбатида сайловчиларнинг ва бошқа партияларнинг норозилигига сабаб бўлган. Бир қанча партиялар уч сиёсий бирикмани овоз сотиб олишда, маъмурий ресурсдан фойдаланишда айблашган. Шунингдек ишни ҳуқуқ тартибот органлари кўриб чиқиши кераклигини таъкидлашган.

Ҳозирча МСКнинг таклифи бўйича Жогорку Кенеш муносабат билдирмади.