Премьер-министр ва президент вазифасини бажарувчи Садир Жапаров 21 октябрда ички ишлар министрининг ўринбосари Алмазбек Орозалиевни эгаллаган хизматидан озод қилди.
Жапаров собиқ президент Сооронбай Жээнбековнинг кадрлар алмаштириш ишини давом эттирмоқда. Бунга қадар ҳам бир қанча министрларни янги тайинлаган, уларнинг орасида Ички ишлар министри Улан Ниязбеков ҳам бор. Шунингдек, МХДҚ раислигига Жапаров ўзининг яқин дўсти ва партиядоши бўлган Камчибек Ташиевни қўйган. Бундан ташқари Иссиқкўлдан бошқа вилоятлардаги вакилларни ҳам алмаштирган.
Жээнбеков охирги фармонларидан бирида Орозалиевга генерал-майор мақомини берган.
Ўлкада парламент сайловидан норози бўлганларнинг митинги оммавий тартибсизликларга айлангандан сўнг ИИВнинг олдинги раҳбари Кашкар Жунушалиев ишга келмаган. Жунушалиевнинг биринчи ўринбосари Суюн Ўмурзаков шу кунлари ўлканинг жанубий ҳудудларида жамоат хавфсизлигини таъминлаш чораларини координация қилгани айтилган. Министрнинг тергов ишлари бўйича ўринбосари Памир Асанов 26 сентябрдан бошлаб коронавирус билан оғриган.
Ўша вақтда ИИВнинг асосий биносида етакчилардан Алмазбек Орозалиев ва Мирлан Каниметов ишлагани маълум бўлган. Кейинчалик уларга Ички ишлар министрининг собиқ ўринбосари Курсан Асанов ҳам қўшилиб, ўзини министрликнинг етакчиси деб эълон қилган. Кўп ўтмай ИИВ жамоаси Асанов билан ишлашдан бош тортиб, уни министрлик биносидан чиқариб юборишган.
Сооронбай Жээнбеков 9 октябрда Бишкек ҳудудида фавқулодда ҳолат жорий қилиб, Орозалиев шаҳарнинг коменданти этиб тайинланди. У олдин ҳам Бишкек коменданти бўлган — 25 мартда ўлканинг кўп ҳудудларида коронавирус пандемияси сабаб фавқулодда ҳолат режими киритилган.