Садир Жапаров: Янги парламент келгач конституция реформасини амалга оширсак бўлади

363

Премьер-министр Садир Жапаров парламентнинг 16 октябрда бўлаётган йиғинида сайлов ва конституциявий ислоҳотлар ҳақида фикрини айтди.

Жапаров бу вақтгача партиявий системани бекор қилиб, бир мандатли парламент тузиш фикридан ҳозирча қайтганини билдирди.

«Парламент сайлови бўйича: мен ҳам шу бир мандатли [парламент] деганни ҳозирча тўғри деб баҳоламадим, сабаби парламент сайлови партиявий система билан ўтиши керак экан, қонунлар бўйича. Агар биз уни ўтказмай конституциявий реформага борамиз десак, қонун доирасидан бироз четга чиқиб кетар эканмиз», — деди Жапаров.

Премьер-министр ҳозирда сайлов бўсағасини 5 фоизга, гаровни эса 1 млн сомга туширишни Жогорку Кенешнинг депутатларига таклиф қилди. Бундан ташқари Жапаров депутатларнинг сонини 120дан 70 ёки 90га туширишни тўғри деб ҳисоблайди.

Қонунга кўра, МСК парламент сайлови муддатини 6 ноябргача эълон қилиши керак. Ҳозирда парламент сайловини 20 декабрда ўтказиш вариантлари айтилмоқда. Президентлик сайлови қонун бўйича 90 кун ичида ўтиши керак.

«Ата Мекен» фракциясининг депутати Ўмурбек Текебаев икки сайловни бир кунда ўтказишни таклиф қилиб, бу қонунга тўғри келишини таъкидлаган.