Ала-Тоо майдонида ўқ отган одам қидирилмоқда

495

Бишкек ШИИБи 9 октябрда Ала-Тоо майдонида ўтаётган тинчлик митинги вақтида ўқ отган одамни қидирувга берди. Бу воқеа уюшган жиноий гуруҳга қарши чиққан митингчилар майдонда мадҳия айтаётганда номаълум одамлар ҳужум қилгандан сўнг бўлган.

Бу одамлар премьер-министрликка номзод Садир Жапаровнинг тарафдорлари бўлиши мумкин. Майдонда ўтатган митингда ҳужум қилганлар Жапаровнинг номини айтиб бақириб юришган. Лекин Садир Жапаровнинг адвокати Шарабидин Токтосунов ҳужум қилганлар — Жапаровнинг тарафдорлари эмас, улар провокаторлар деб ишонтирмоқда.

Нима бўлганда ҳам ҳужумчилар қуролдан фойдаланиб, мадҳия айтаётган митингчиларга тош ва шиша идишларни улоқтириб, бундан одамлар жабрланган. Соғлиқни сақлаш министрлиги Ала-Тоо майдонидаги жанжалда беш киши жабрланганини маълум қилди.

Уларнинг ҳаммаси Миллий госпиталга ётқизилган.

«Уч киши нейротравматология бўлимига ётқизилди. Уларнинг аҳволи ўртача оғир деб айтилмоқда. Тилек Токтогазиев бошидан жароҳатланди. Стационарга тушганларнинг орасида ўқдан жароҳатланганлар йўқ», — деб билдиришди Соғлиқни сақлаш министрлигидан.

Майдонда ўқ отган одам «Оммавий тартибсизлик» моддаси билан қўзғалган иш бўйича қидирилмоқда. Унинг тўппончадан ўқ отган вақти тасвирга тушиб қолган — у сиёсатчиларнинг бирига тегишли автомашина юриб кетаётганда ўқ отган. Бироқ видеода бу кишининг юзи аниқ кўринмайди.

Ала-Тоо майдонида кимга ҳужум бўлди?

«Ата Мекен» партиясининг аъзоси Тилек Токтогазиев жароҳатланди. Дастлабки маълумотларга кўра, унинг бошига тош теккан. Ҳозир аҳволи яхши.

Шунингдек, собиқ премьер-министр Темир Сариевнинг тансоқчисини отиб кетишди. У бошидан жароҳатланиб, ҳозир аҳволи барқарор. Ижтимоий тармоқларга Сариевнинг тан соқчиси дейилган одамни юз-кўзи қон бўлган видеоси тарқади.

Депутат Элвира Сурабалдиева митингчиларнинг тўқнашувидан қайтаётганда уни Садир Жапаровнинг тарафдори уриб қолишга улгурди.

Собиқ президент Алмазбек Атамбаев билан собиқ премьер Сапар Исаковнинг машиналарини номаълум кишилар отгани маълум қилинди. Шунингдек, Ўмурбек Бабановнинг машинасига ҳам ўқ теккани айтилди. Атамбаев бу ҳужум олдиндан ташкил қилинганини ва бу бўйича унда олдиндан маълумот борлигини билдирди.