Садик Шер-Нияз сиёсатчиларга мурожаат қилди

412
Садик Шер-Нияз

«Ата Мекен» партиясининг депутати, жамоат арбоби ва кинорежиссёр Садик Шер-Нияз фейсбук саҳифаси орқали 6 сентябрда бир неча сиёсатчиларга видео мурожаат қилди. Лавҳани фейсбук саҳифасига «ҳали ҳам итга ўхшаймиз» деган сўз билан бўлишди. Унда 5 октябрдаги митингдан кейин янги тайинлашлар икки-уч киши томонидан ҳал қилинаётганини айтиб, танқид қилди.

Унда у «Замандаш» партиясининг лидери Жениш Молдокматовни, «Чонг Қазат» партиясининг номзоди Сиймик Жапикеевни, Ата Мекен»дан Жанар Акаевни, Алмамбет Шикмаматовни, «Мекенчил»дан Камчибек Ташиевни, «Республика»дан Руслан Казакбаевни, «Бутун Қирғизистон»дан Адахан Мадумаровни, собиқ депутатлар Ўмурбек Текебаевни, Садир Жапаровни, собиқ президент Алмазбек Атамбаевни, сиёсатчилар Ўмурбек Бабановни, Темир Сариевни бирлашишга чақирди.

«Ҳурматли сиёсатчилар, энди яна сизлар спикернинг ўрнини талашиб, ҳар бирингиз алоҳида гуруҳ тузиб, ҳар бирингиз ўз номзодларингиздан бирини келажакда президент бўлиши учун юз қоралик билан кетяпсизлар. Бир гуруҳ бўлиб ғалабага эришасизлар, келажакда ким президент бўлишини ҳал қилиб олсангиз бўлмайдими? Бир марта ўз амбициянгиз учун эмас, Қирғизистоннинг амбицияси учун ишласангиз бўлмайдими? Бу вақтгача олган сабоқларимиз етарли бўлмадими?» — деб савол берган жамоат арбоби.

Шер-Нияз партияларга икки томон бўлиб бўлинмай, бирлашишга чақирди.

«2-3 киши бориб бирини министр, бирини МХДҚ раиси, бирини бош прокурор қилиб сайлаб қўйяпсизлар. Қолган партияларнинг меҳнатини унутиб қўйдингизми? Бошқа партиялардан сўрадингизми? Фақат спикерлик талаш бўлса, унда ҳаммангиз йиғилиб оқ-қорани ҳал қилиб олинг. Агар сизлар икки томон бўлсангиз, унда сизлар фақат ўзини ўйлаган, Қирғизистон келажагини ўйламаган, амбициянгиз отнинг калласидай, бироқ ҳақиқатдан майда одамсизлар. Бирлашинглар!» — деган Шер-Нияз.

Сайлов натижасини бекор қилиш митинги

5 октябрда Бишкекнинг Ала-Тоо майдонида сайлов натижасини тан олмаган партияларнинг аъзолари ва тарафдорлари митинг бошлашган.

6 октябрга ўтар кечаси тонг отарда намойишчилар Оқ уйни босиб олишган.

Шундан кейин МХДҚ биноси ҳам намойишчилар томонидан қўлга олиниб, муассасанинг тергов қамоғидан собиқ президент Алмазбек Атамбаевни тарафдорлари бўшатишди.

Кейин сиёсатчи Садир Жапаров, собиқ премьер Сапар Исаков, депутат Равшанбек Жээнбеков ва бошқа сиёсатчилар қамоқдан озодликка чиқди.

Парламент сайлови натижасини тан олмаслик бўйича митинглар Ўш шаҳрида ва ўлканинг бошқа ҳудудларида ҳам бўлди. Бу орада ҳукуматнинг Баткен, Норин, Иссиқкўл, Талас ва Ўш вилоятларидаги вакиллари ишдан кетишди. Шунингдек, ўлканинг айрим туманларининг ҳокимлари ҳам лавозимларини топширишган.

Кейин Бишкекдаги «Достук» меҳмонхонасида Жогорку Кенешнинг 60га яқин депутатлари зудлик билан йиғинга тўпланиб, Садир Жапаровни премьер-министрликка кўрсатишган. Бундан ташқари, парламент раиси Дастанбек Жумабеков ариза ёзиб, унинг ўрнига Миктибек Абдилдаев сайланган.

Бироқ айрим депутатлар ва сиёсий экспертлар мазкур сайлашлар легитимсиз бўлганини айтишмоқда. Шундай позициядаги партиялар ва фуқаровий жамият 7 октябрда Ала-Тоо майдони олдида митинг ўтказишмоқда.