«Эркакча гап». Ўшда Сарибашовни мэр, Тўрўкуловни вилоят раҳбари қилиш ҳаракати кўрилмоқда

362

Ўш шаҳрининг марказий майдонида 7-октябрда сал аввал ишдан кетиш бўйича ариза ёзгани айтилган мэр Таалайбек Сарибашовнинг тарафдорлари митинг ўтказишди. Бу ерга юзлаган Ўш шаҳри ва Олай туманининг яшовчилари йиғилди. Олай — Сарибашов туғилган жой.

Митингда сўзлаганлардан бири мэриянинг матбуот котиби Азамат Абсаттаров шаҳарга янги тайинланадиган мэр билан ишламаслигини билдирди.

«Биз қонунга амал қиламиз. Мен очиқ айтаман, бу вақтгача Таалайбек Насирбекович губернатор бўлганда танқид қилиб келганман, танқид қилганлар бошида турганман. Бироқ одам билан бирга ишласанг, бирга сафарга чиқсанг биларкансан. Бу киши эл, юрт учун куйиб-ёнганини мен биламан. Мен икки йилдан бери ёнида юраман. [...] Бу одам мэрликдан кейин ҳам бошқа хизматларда ишлаши керак. Қул қилиб ҳам ишлатинглар, халқ учун ишлаб беради! Бу мэр ишлагани келган. Ҳеч қачон қўрқманг. Эртага мени сўроққа чақиришлари мумкин, бироқ мен қўрқмайман, уялмайман», — деди Абсаттаров.

Кейинчалик митингчиларга Таалайбек Сарибашовнинг ўзи икки йил олдин шаҳарни «ноқонуний босиб олмаганини» айтди.

«Менинг мақсадим бир: халққа тоза, адолатли, холис ишлаб бериш! Шаҳарни ривожлантириш, менда бошқа мақсад йўқ! Мен доим халқ биланман. Барчаси қонун доирасида ҳал қилиниши керак. Бу кунлар ҳам ўтади. Кеча ҳам айтдим, биз ҳаммамиз бир халқнинг, бир юртнинг одамларимиз. Биз ҳеч қачон “кресло талашмаймиз”», — деди Сарибашев.

Кейин Сарибашов тарафдорлари билан мэрияга кирди. Бир неча дақиқадан сўнг мэриядан «Бир Бол» партиясининг депутати Дуйшўн Тўрўкулов чиқиб, марказий майдонда митингчиларга мурожаат қилди.

Тўрўкулов Сарибашов иккисининг орасида келишмовчилик йўқлигини айтди. Шунингдек, йиғилганларни мэрлик лавозимини ҳеч ким талашмаётганига ишонтирди.

Ўш шаҳар кенгашининг депутатлари Таалайбек Сарибашовни 6-октябрда ишдан четлатишни таклиф қилишган. Кўп ўтмай унинг иш кабинетига «Бир Бол» партиясининг депутати Дуйшўн Тўрўкулов кириб бориб ўзини мэр деб эълон қилган.

Шундан сўнг Абсаттаров мэр Сарибашов ишдан кетиш ҳақида ариза ёзганини маълум қилди.

7-июнга ўтар кечаси Ўшга шаҳарнинг собиқ мэри Мелис Мирзакматов келиб, Тўрўкулов ва Сарибашов билан сўзлашишини айтган.

Тўрўкуловнинг айтишича, у Сарибашовга «учинчи кучлар» томонидан провокация бўлиб, жанжал чиқиб кетмаслиги учун ўзини мэр деб эълон қилган.

«Таалай акага келиб мен тўғри тушунтирди, Таалай ака гапни тўғри тушунган. Кейин: “Дуйшўн, қон тўкилмасин. Сен айтгандай ҳақиқатдан ҳам бу ерни босиб оламиз деган кучлар бўлса, провокациялар уюшаётган бўлса, мен сени тўғри тушундим. Мен бу ерни бўшатиб бераман, бироқ яна қонунийлик ўрин олса, мен қонуний равишда яна мэр бўладиган бўлсам қайтиб келаман” деган. Мен айтганман: “Сиз қонуний мэр бўлсангиз, албатта, ўрнингизга қайтиб келасиз, эркакча гап” деб шу ерда турганларнинг ҳаммаси билан қўл олишганмиз», — деб тушунтирди Тўрўкулов.