Майдонга йиғилганларни тарқатаётиб Жанар Акаев жароҳатланди

463
Видеодан олинган скриншот

«Ала-Тоо» майдонига йиғилганларни ҳуқуқ тартибот органлари қувиб, тарқатаётганда депутат, «Ата Мекен» партиясида сайловга отланган Жанар Акаев жароҳатланди. Бу маълумотни «Азаттык» радиосига унинг ёрдамчилари тасдиқлади.

Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеода Акаевни икки киши қўлтиқлаб келаётганини ва унинг оёғига бир нарса текканини кўриш мумкин.

Унда гапираётганлар қаттиқ овоз чиқарувчи граната Жанар Акаевнинг оёғини ёнида портлаганини айтишди. Шунингдек, Акаев ўнг сонини ушлаб ўриндиқда ўтиргани ҳам тасвирга тушиб қолган.

Видеода Акаев «Ата Мекен»нинг штабига келганини ва унинг ёнида «Ата Мекен» лидери Ўмурбек Текебаев ҳам юрганини кўриш мумкин.

Ҳуқуқни ҳимоя қилиш органлари «Ала-Тоо» майдонида сайлов натижасидан норози бўлиб, уни бекор қилишни талаб қилганларни кечга томон қувиб тарқатишди. Ҳуқуқ тартибот органлари кучли овоз чиқарувчи гранатадан, кўздан ёш оқизувчи газ ва елим ўқлардан фойдалангани айтилмоқда.

Митингчилар милиционерларга тош отишган. Аввал улар «Оқ уй»ни кўзлаб бориб, унинг ҳовлисига тош, бутилкаларни отиб, дарвозасини очишга ҳаракат қилишган. Шу вақтда айрим айрим намойишчилар темир тўсиқлардан ошиб ўтишга ҳаракат қилишган. Бу орада ҳуқуқ тартибот органи вакиллари йиғилганларни ортга қайтариш учун кўздан ёш оқизувчи газ ва кучли овоз чиқарувчи гранатадан фойдаланишган. Йиғилганлар парламент биносидан узоқлашишган. ОМОНлар тўпланганларни қувиб тарқатишган.

Орган ходимлари билан йиғилганлар ўртасидаги тўқнашувда камида бир милиционер билан икки фуқаро жароҳатланди. Намойишчилар «Ала-Тоо» майдонидан чиқарилгандан кейин Тез ёрдам хизмати келиб икки фуқарога биринчи тиббий ёрдам кўрсатган.

Қирғизистонда 4 октябрда парламент сайлови ўтиб, унга 16 партия қатнашган. Бироқ 7 фоизлик бўсағадан ўтмай қолган партиялар сайлов адолатсиз, овоз сотиб олишлар билан ўтганини айтиб, унинг натижасини бекор қилишни талаб қилишмоқда.

Муаллиф: Расул Усоналиев