Ҳукуматнинг Иссиқкўл вилоятидаги мухтор вакили Балбак Тулобаев фейсбук саҳифасида коронавируснинг иккинчи тўлқини сабаб қайтадан карантин киргизилиши мумкин эканини огоҳлантирди.
«Ҳозирда [коронавирус ҳолатлари] кўпая бошлади, октябрдан бошлаб кучаяди, ноябрда эса вазият қайтадан мураккаблашади. Буни баҳорда эпидемия ернинг жанубий ярим шарида тарқагани тасдиқлайди — бу вақтда у ерда қиш эди», — деб ёзди у.
Шунингдек, Тулобаев «касалликни юқтириб олмаслик» учун тиббий ниқоб тақиб юришга чақирди. Унинг айтишича, тиббий ниқоб тақиш — коронавирус юқтиришнинг олдини олувчи ягона ҳимоя усули.
«Ёдингларда бўлсин — қайтадан чегаралар ёпилиб, карантин чоралар кучайтирилади. Жиддий муносабатда бўлишга чақираман. Бизнинг асосий вазифамиз — кўп миқдорда юқтириб олишдан сақланиш. Шу сабабдан ўзинглар камроқ юқтириб, худо сақласин бемор бўлсангиз атроф-муҳитга камроқ вирус тарқатиш учун юз ниқоби тақиш керак», — деб қўшимча қилди Тулобаев.
Балбак Тулобаев Бишкек мэриясининг аппарат етакчиси бўлиб турганда ҳам, коронавируснинг жиддий хавфи ҳақида кўп бор айтиб келган.
25-июнда пойтахтда эпидемиологик вазият ёмонлашиб кетганда у фуқароларга уйда ўтиришга, тиббий ниқоб тақиб юришга ҳамда масофани сақлашга чақирган.
Республика штабининг маълуомти бўйича, 25-сентябрга келиб Қирғизистонда COVID-19га чалинганларнинг сони 45 932 кишига етди. Пандемиянинг бошидан бери касалхоналардан 42 147 нафар бемор тузалиб чиқди. Коронавирус ва касалхонадан ташқари пневмониядан 1 063 нафар бемор вафот этди.