МСК Маннонов билан Файзуллаевни Аравондаги муштлашув сабаб сайловдан четлатди

525
«Биримдик» партиясининг номзоди Шукрулло Файзуллаев ва «Мекеним Қирғизистон» партиясининг номзоди Илхом Маннанов.

Марказий сайлов комиссиясининг аъзолари 24 сентябрда йиғин ўтказиб, унда «Мекеним Қирғизистон» партиясининг номзоди Илхом Маннонов билан «Биримдик» партиясининг номзоди Шукрулло Файзуллаевнинг сайловга рўйхатга олиш қарорини бекор қилди. Бир неча соат аввал тарафлар ярашгани хабар қилинган эди.

20 сентябрда Ўш вилоятининг Аравон туманидаги Юсупов қишлоқ ҳукуматида «Мекеним Қирғизистон» партиясининг ташвиқот тадбири вақтида мазкур партия билан «Биримдик»ни тарафдорларининг ўртасида жанжал чиққан.

У оммавий муштлашувга айланиб, 13 киши касалхонага мурожаат қилиб, олти нафари Аравон ҳудудий, бири Ўш шаҳар касалхонасига ётқизилган. Олти кишига тиббий ёрдам кўрсатилгандан кейин уйларига чиқарилган. Шунингдек, беш автомобиль пачақланиб, ҳозирда келтирилган зарар ҳисобланмоқда.

«Мекеним Қирғизистон»нинг тарафдори Мухриддин Алимовнинг айтишича, уни «Биримдик»нинг тарафдорлари бесабаб калтаклашган. Аммо Алимов ўзи оммавий муштлашга қатнашмаганини ва тарғибот ишларига ҳам аралашмаганини айтган. У касалхонада ётган отасини кўргани бораётганда калтакланган.

Алимовнинг отаси Мўминжон Алимов «Мекеним Қирғизистон»нинг Юсупов қишлоқ ҳукуматидаги штабини бошқаради. У муштлашувга айланиб кетган тарғибот тадбирига қатнашиб, унда мияси чайқалган ва бурни цинган. Ҳозирда касалхонада.

Шунингдек, йиғилиш вақтида «Биримдик»ни номзодларининг қариндошлари келиб, аралаша бошлагандан кейин жанжал чиққанини айтган.

Юсупов қишлоқ ҳукуматининг етакчиси Шукрулло Файзуллаев «Биримдик» партияси билан парламент сайловига қатнашмоқда. Муштлашувга Файзуллаевнинг укалари Зикрулло, Зубайдулло Файзуллаевлар ҳам қатнашган. Иккисининг ҳам бош мияси чайқалиб, бирининг бурни, иккинчисининг бармоғи синиб касалхонада ётибди. Ака-укалардан бири Зикрулло Файзуллаев уларни «Мекеним Қирғизистон»нинг йигитлари урганинигина айтиб, бошқа изоҳ беришдан бош тортган.

Аммо икки партия ҳам оммавий муштлашув «провокациячилар» тарафидан амалга оширилди деб расмий баёнот тарқатди.

Ҳукумат етакчиси Қубатбек Боронов ИИВга мазкур жанжални тез орада тафтиш қилишни топширган. Президент Сооронбай Жеэнбеков ҳам бундан кейин бу каби воқеаларга йўл қўймаслик мақсадида компетентлик тизимлар тарафидан ўз вақтида тўсиқ қўйилиши кераклигини билдирган.

Ушбу воқеа Жиноятларнинг ва қилмишларнинг умумий реестрига «Безорилик» моддаси бўйича қайд қилиниб, судгача тергов бошланган. Муштлашувга қатнашган 30 киши сўроққа олиниб, бир неча киши вақтинча ушлаб турилувчи жойга киргизилган.

Парламент сайлови Қирғизистонда 4 октябрга белгиланган. МСК 16 партияни рўйхатга олди. Тарғибот ишлари эса 3 октябрда тугайди.