Соғлиқни сақлаш вазири Сабиржан Абдикаримов 15-сентябрда ўтган бирифингда билдиришича, муассаса мавсумий гриппнинг кучайишига тайёргарлик кўриб, вакцинанинг биринчи партиясини сотиб олди.
«Соғлиқни сақлаш вазирлиги [...] гриппга қарши вакцинанинг 119, 663 дозасининг биринчи партиясини сотиб олган. Ҳозирда сотиб олинган вакцина республиканинг барча ҳудудларига тарқатилмоқда, эмлаш 16-сентябрь куни Бишкек ва Чуй вилоятида, аста-секин мамлакатнинг барча ҳудудларида бошланади», — деди Абдикаримов.
Вакцинанинг иккинчи партияси 21-сентябрдан кейин келиши кутилмоқда. Абдикаримовнинг айтишича, 1-ноябрга қадар жами бўлиб Қирғизистонга яна 770 минг доза келади.
Республика штабидан маълум қилинишича, вакцина биринчи навбатда юқори хавфли беморларга берилади.
«Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг тавсияси бўйича, вакцина биринчи навбатда сурункали касалликларга чалинган одамларга, кўпинча касал болаларга, ҳомиладор аёлларга, иммунитети паст ва 65 ёшдан ошганларга, болалар уйларидаги болаларга, қариялар уйларидагиларга, мактаб-интернатлардаги болаларга ҳамда тиббиёт мутахассисларига берилади», - деб билдирилди штабдан.
Тест ва шахсий ҳимоя воситаларини сотиб олиш
Бундан ташқари, муассасанинг етакчиси расмийлар COVID-19нинг эҳтимолий иккинчи тўлқинига тайёрланаётганини таъкидлади. Унинг айтишича, идора бунинг учун бюджет тузиб, , COVID-19га таҳлил ўтказиш учун зарурий воситалар рўйхатини тайёрлади.
«Жамоат соғлиқни сақлашнинг 1500 нафар мутахассисини марказларда 6 ой ишлаши учун керакли бўлган шахсий ҳимоя воситаларининг, дезинфекция воситаларининг ва антисептиклар ҳисоблаб чиқилиб, бюджет тузилган ва харидлар бўйича чоаралар кўрилмоқда», - деди Абдикаримов.
У мамлакатда ПЗР-тестини ўтказиш учун қўшимча 15 бактериолог-шифокор ўқишдан ўтганини қўшимча қилди.
COVID-19нинг иккннчи тўлқини
Давлат ҳукумати COVID-19нинг иккинчи тўлқини бошланиб кетиши мумкинлиги ҳақида биринчи марта айтаётгани йўқ. Ҳукумат етакчиси Кубатбек Боронов 3-сентябрда Штабнинг йиғинида коронавируснинг иккинчи тўлқини ноябрда бошланади деб айтган эди.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) эса коронавирусда гриппга ўхшаш мавсумийлик йўқлигини хабар қилган.
«COVID-19нинг иккинчи тўлқини бўлмайди — биргина катта тўлқин бўлади. У кўтарилиб қайта пасаяди. Энг яхшиси бу тўлқиннинг кўтарилиши устида ишлаган яхши», — деб айтган ЖССТнинг вакили Маргарет Харрис.
Қирғизистонда расмийларнинг таҳмини ва хавотирига қарамай, мамлакатда 4-октябрда парламент сайловлари бўлиб ўтиши керак. Айни пайтда депутатликка номзодларнинг ташвиқот тадбирлари қизғин ўтмоқда, у 3-октябрда якунланиши керак.
15-сентябрга келиб, Қирғизистонда COVID-19га чалинганларнинг сони 44 999 кишига, тузалганларнинг сони эса 41 103 нафарга етди. Вазирликнинг маълумотига кўра, мамлакат бўйича умумий 1063 нафар киши коронавирусдан вафот этди.
Ҳаммуаллиф: Амина Кадралиева