Марказий сайлов комиссияси (МСК) 14 сентябрдаги йиғинида «Мекеним Қирғизистон» партиясидан депутатликка номзод Қиличбек Исмамбетовни 7500 сом миқдорида жаримага тортди.
МСКнинг матбуот хизматидан хабар берилишича, бунга қадар Жусупов исмли фуқаро «Мекеним Қирғизстон» ташвиқот олиб боришда қонун бузаётганини айтиб, унга чора кўришни МСКдан илтимос қилган. Унга кўра, партия Норин вилоятининг Ақтала туманидаги Баетов қишлоғида коронавирус пандемияси сабаб киргизилган чекловларга қарамай концерт уюштирган.
Марказий сайлов комиссиясининг йиғинига қатнашган «Мекеним Қирғизистон» вакили Таалайкул Токтакунова билан номзодлардан бири Канатбек Азиз партиянинг раҳбарияти концерт ҳақида билмаган деб ишонтирди. Улар фақатгина тадбирни номзодлардан бири Исмамбетов уюштираётгани бўйича билишганини айтишди.
Шундай қилиб МСКнинг йиғинида «Мекеним Қирғизистон» партиясидан номзод Қиличбек Исмамбетовгагина «Ташвиқот ишларининг шартларини бузиш» моддаси бўйича жарима солинди.
Қиличбек Исмамбетов «Бирик» партиясининг лидери. Улар сайлов олдидан «Мекеним Қирғизистон» партияси билан бирлашган.
«Мекеним Қирғизистон» партиясига бунга қадар ҳам ташвиқот ишларини бузгани учун огоҳлантириш берилган. Қўшиқчи Бек Борбиевнинг «Мекеним Қирғизистон» номли қўшиғига олинган клипда «Мекеним Қирғизистон» партиясининг эмблемаси қўлланилиб, у ташвиқоат ишлари бошлангунга қадар ижтимоий тармоқларда эълон қилинган. Қўшиқчига МСК ташвиқот қоидаларини бузгани учун 7500 сом жарима солган. Борбиев партия билан сайловга отланмагани билан унинг съездида қатнашган.
«Мекеним Қирғизистон» партиясининг Матраимовлар оиласига алоқаси борлиги айтиб келинади. Депутат Искендер Матраимов ҳам шу партия билан сайловга отланди. Депутат Матраимовнинг укаси, божхона етакчиси раҳбарининг собиқ ўринбосари Райимбек Матраимовнинг номи «Клооп», «Азаттык» ва OCCRP ташкилоти тарафидан тайёрланган Қирғизистондан чиқарилган 700 млн доллар ҳақида суриштирувда аталган.