Шифокорлар учун 100 миллиондан ортиқ маблағ: Соғлиқни сақлаш вазирлиги хайр-эҳсонларни қандай сарфламоқда

417

Алина Печенкинанинг «Клооп» учун иллюстрацияси

Қирғизистонликлар ўз ихтиёри билан тиббиёт ходимларининг компенсацияси учун хайр-эҳсонга пул ўтказишмоқда. Бу ҳақдаги маълумот help.covid.kg сайтида бор. Аммо, шифокорлар чиндан ҳам пул олишдими ёки йўқми текшириб аниқлаш мумкин эмас.

12 мартда мамлакатда COVID-19нинг биринчи ҳолатлари чиққунга қадар Соғлиқни сақлаш вазирлиги учун бефарқ бўлмаган одамлар пул ўтказиши мумкин бўлган ҳисоб очилган. Қирғизистонда коронавируснинг дастлабки ҳолатлари пайдо бўлиши билан молия вазирлиги help.covid.kg сайтини очган, у орқали уч ҳисобга хайр-эҳсон ўтказиш мумкин: Соғлиқни сақлаш вазирлигига, Бишкек мериясига, Меҳнат ва ижтимоий тараққиёт вазирлигига.

Биз Соғлиқни сақлаш вазирлигининг махсус ҳисобига пулнинг тушишини ва тақсимини кўчириб олиб, уларни таҳлил қилиб чиқдик. Айни шу ҳисобда хайр-эҳсонга берилган маблағ кўп. 19 июнга келиб у ерда 138 млн сомдан ортиқ маблағ тўпланиб, унинг ичидан 128 млн соми сарфланган. Бу рақам Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2019 йили тўлаб берган барча меҳнат маошларининг бешдан бир қисмини ташкил қилади.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу хайр-эҳсонлар пандемия шароитида ишга жалб қилинган шифокорларнинг қўшимча компенсациясига сарфланаётганини айтмоқда. Аммо хайр-эҳсонларни тақсимлаш бўйича комиссиянинг охирги йиғинида 4 млн сомни шахсий ҳимоя воситаларига сарфлашга қарор қилган.

Муассаса мутахассисларининг айтишича, тиббиёт ходимларининг барида қўшимча ҳақ қўлига эмас, банк карталарига ўтказилмоқда. Аммо сайтда олувчиларнинг тўрт категорияси кўрсатилган:

  1. Жисмоний шахслар: асосан тиббиёт ходимлари бўлиши керак, бироқ бу ҳам аниқ эмас.
  2. ССВдан ССВга: биз қуйида бу қандай эканини текширишга ҳаракат қиламиз.
  3. Тиббий идоралар: кимларга пул тўланиши кераклиги бўйича рўйхатни ўзлари тузиб, ССВга беришади.
  4. Банклар: деярлик 1,3 млн сом. Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу маблағ шифокорларга пул ўтказмаларни тезлатиш учун дейди.

Натижада, бу маълумотларнинг ёрдами билан пул қаерга сарфланаётганини билиш мумкин эмас. Пул маблағларининг аксарияти шифокорларга тўғридан-тўғри эмас, воситачилар орқали етказилгани учун излар йўқолиб кетган. Ҳатто жисмоний шахсларга пул ўтказмаларни текшириб бўлмайди, чунки уларни олганлар аноним. Қуйида барини батафсил ўрганиб, шунингдек қандай қилса бўлар эди деган саволга вариантларни келтирамиз.

Биринчи қисм. Пул қаердан келган?

Умуман олганда, одамлар ихтиёрий равишда махсус ҳисоб рақамига 138 миллион сомдан кўпроқ пул ўтказишган. Унинг катта қисми жисмоний шахслардан ва бизнесдан тушган - 97 миллион сом. Хусусий бизнесдан ўтказилган энг йирик уч пул ўтказмаси 10 миллион сомдан бўлган: Матраимовларнинг «Исмаил Ата» жамғармасидан, «Золотой Дракон»нинг эгаси Сан-Александрдан ва «Жашоо Булаги» жамоат фондидан, булар барча хайрияларнинг учдан бирини ташкил қилади.

Хайрия қилинган пулларнинг қолган қисми бюджет ташкилотларига тўғри келади: 700 га яқин давлат идоралари 40 миллион сомдан ортиқ пул ўтказиб берган.

Биз нимани пайқадик? Бу 40 миллион сомнинг бари бюджет ташкилотлари ходимларининг иш ҳақидан ўтказилган. Аксарият ҳолларда, бундай ўтказмалар «коронавирусга қарши курашиш бўйича чора-тадбирларни амалга ошириш учун бир кунлик иш маоши» қатори белгиланган, аммо баъзи ҳолларда help.covid.kg сайтининг ўзида «бир кунлик иш ҳақини ушлаб қолиш» деб ёзилган.

Биз телефон орқали суҳбатлашган ҳукумат идораларининг ўн нафарга яқин матбуот хизмати ходимлари бир кунлик маошини ўз ихтиёри билан беришга рози эканини тасдиқлашди.

Оммавий ахборот воситаларида эса ходимларни бунга мажбурлашгани ҳақида хабарлар пайдо бўлган.

Масалан, ОЎЮларнинг ходимларидан бири бизгагина берган интервьюсида бир кунлик маошини коронавирусга қарши курашиш учун хайрия қилиб қўйганини билди. Карантин туфайли у бундан бехабар бўлган, лекин у иш берувчи ходимининг маошини ушлаб қолганлиги тўғрисида ёзма равишда хабар бериши керак эди.

Иккинчи қисм. Жисмоний шахслар кимлар?

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 8 апрелдан бошлаб кўнгилли хайрияларни сарфлай бошлаган ва дастлабки сарфлар манзилли бўлиб пул олувчиларнинг исм-фамилияси аниқ ёзилган. Аммо апрелнинг ўртасида олувчиларнинг исмлари яширилиб, «жисмоний шахс» деган тавсиф қолган. Буни шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш билан изоҳлашган.

«Ҳуқуқий хулосадан кейин одамлар ҳақидаги барча маълумотлар ёпилган. Шахснинг изнисиз унинг молиявий маълумотларини эълон қилиш мумкин эмас», — деб жавоб қилган Ахборот ва алоқа давлат қўмитасининг матбуот хизматидан.

10 апрелда help.covid.kg сайтида ССВнинг чиқимлари ёзилган саҳифа шундай кўринади.

Биз нимани пайқадик? Шахсий маълумотларни ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонун нимагадир хайрия қилганларга тегишли эмас. Уларнинг исмлари рўйхатда кўриниб турибди ва улар шу бўйича «жисмоний томон» бўлмай қолган.

Биз ўз таҳлилимизга Қозоғистонда давлат маблағларининг чиқимларига мониторинг юргизган Zertteu Research Institute фондининг директори Куаниш Онолбаевдан шарҳ беришни илтимос қилдик. У олувчиларнинг шахсий маълумотларини эълон қилиш бўйича тўхталиб, тиббиёт ходимларининг фамилияларининг ўрнига табель рақамларини ҳамда хизмат ўрнини эълон қилиш вариантлардан бири қатори таклиф қилди.

«Улар, қўпол айтганда, ошкор қилишни истамаётган маълумотнигина танлаб ёпиб қўйишди. Улар ўзлари учун у қадар фойдали бўлмаган ерларини ёпиб қўйишди, аммо уларга алоқаси йўқ ерларни қолдиришди, қандайдир бир қўш стандарт бўлмоқда. Агар улар буни эълон қилишса [хайрия қилганларнинг исмларини], у ҳолда олувчиларникини ҳам эълон қилиши керак эди», — деб комментарий берди Куаниш Онолбаев.

Шу каби «жисмоний шахслар» 10 млн сомдан ортиқ пул олишди. Бизга Соғлиқни сақлаш вазирлигидан уларнинг бари тиббиёт ходимлари деб билдиришган, аммо уларнинг исмлари яширилгандан кейин аниқ текшириш имкони бўлмай қолди.

Биз яна нимани пайқадик: Биз тўловларнинг қийматини текшириб, кўпинча 10 минг сомга қадар пул ўтказилганини пайқадик. Ўртача ҳисоб билан эса ҳар бир тўлов 3000 сомни ташкил қилган.

Биз «тўловлар» деган сўзни атайин қўлландик, чунки назария бўйича булар масалан икки мартадан компенсация олаётган бир киши бўлиши эҳтимол. Аммо биз буни текшира олмаймиз, чунки улар энди «жисмоний шахслар» деб аталади ва улар чиндан ҳам тиббиёт ходимими ёки йўқми — номаълум ¯\_(ツ)_/¯

Учинчи бўлим. Соғлиқни сақлаш вазирлиги пулни нимага ўзига ўтказмоқда?

Биз нимани топдик? Апрель ва май оралиғида 27,5 млн сом ёки ўтказилган барча хайрияларнинг бешдан бир қисми олувчи деб кўрсатилган «Соғлиқни сақлаш вазирлигининг» номига ўтказилган. Июнда Соғлиқни сақлаш вазирлиги бундай ишлардан бош тортган.

Буни вазирлик қандай тушунтирди? Соғлиқни сақлаш вазирлигидан бунга боғлиқ аниқ изоҳ бера олишмагани билан бу тўловлар охирги олувчи кўрсатилмаса ҳам шифокорлар учун деб ишонтиришди.

«Соғлиқни сақлаш вазирлигидан пуллар ундан нари банкка кетади, аниқроқ айтганда банкнинг бош офисларида. Шундан кейин улар ҳудуддаги ҳар бир филиалига алоҳида ўтказади. Ҳар бир филиал билан битим тузмаслик учун ва ҳар бирига ведомость тайёрлаб ўтирмаслик учун, биз бир ведомостни тайёрлаб, банкнинг бош офисига бердик, шундан кейин улар филиалларига тарқатиши учун», — деб тушунтиради Соғлиқни сақлаш вазирлигининг молия сиёсати бошқармасининг етакчиси Мирлан Атакулов.

Куанйш Онолбаев бу жараённи «ғалати ва тушунарсиз» деб атади.

“Агар Соғлиқни сақлаш вазирлиги бундан кейин ҳам мақсадли пул ўтказмаларини амалга ошираверса, ёрдам кимга кўрсатилганлигини ҳам аниқ кўрсатиши керак. Улар «ССВ ССВга пул ўтказди» деб ёзмаслиги учун. Улар алоҳида жадвал тузиб, унда бу маблағлар кимга берилганлигини ёзиб кўрсатиши учун”, - деди Онолбаев.

Хайрияга берилган пулни тақсимлаш бўйича комиссияга кирган депутат Аида Қасималиева қўшимча ҳақ бериш тўловлар тизимини шаффоф эмас деб ҳисоблайди. У хайр-эҳсонга тушган пулнинг ҳисобидан тўлашга қарши бўлган, у бу пулни тиббиёт ходимларига шахсий ҳимоя воситалари олишга сарфлашни таклиф қилган.

«Мен кейин текшира олинадиган бўлсин деб Ҳисоб палатасини қўшишни илтимос қилганман. Агар бу бюджетдан бўлганда, унда биз бу жараённинг барини қўмиталарда кўриб чиқиб, кейин ҳисобот талаб қила олган бўлардик. Улар [Ҳисоб палатаси] бу пуллар бюджетники эмас, халқники бўлгани учун текширишга ҳақимиз йўқ деб айтишди. Бошқача айтган, аниқ бўлиштириш масаласи очиқ қолмоқда», - дея изоҳ берди Қасималиева.

Тўртинчи бўлим. Қайси тиббий идораларга пул ўтказилмоқда?

Ҳозирда сарфланган маблағларнинг аксарият қисми — деярлик 89 млн соми айни шу тиббий идораларга тўғри келади. Бу пулни улар май ва июнь ойининг ярми учун олишган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ходимлари муассаса дастлаб тўловларни ҳар бир шифокорга тўғридан-тўғри ўтказишга ҳаракат қилганини «Клооп»га айтиб берди. Аммо кейин улар буни марказдан ажратиш — идоралар тўловлар учун рўйхатни ўзлари тузиб, ССВга жўнатишгани самаралироқ бўлишини тушунишган. 6 майдан бошлаб ССВ тиббий идораларга пул ўтказа бошлаган.

Шунга қарамай касалхоналар рўйхатларни қандай тузаётгани ва пул ундан нари қаерга кетаётгани ҳам тушунарсиз. Мамлакат регионларининг бирида ишлаган тиббиёт ходими бизга компенсацияни тўлиқ ололмай қолганини, етакчиси эса шикоятини эътиборга олмаётганини хабар қилди.

«Мен казарма вазиятида ишладим. Қўшимча ҳақини тўлиқ олмадим. Шунингдек, улар буйруқ бўйича 14 кун обсервацияда бўлдим деб ёзишмоқда. Обсервация ҳам тўланиши керак эди, мен учун ажратилган бу пуллар қаерга кетди? У [раҳбари] эпидфонга ҳам ўз одамларинигина қўшади. Агар ростини айтсам, бизнинг бош шифокор ҳеч қаерга чиққани йўқ, COVID-19га боғлиқ иш сафарига чиқиб юрдим деб ўзига буйруқларни чиқариб ўтирди. Кимга қанча ажратилаётганини биз кўрмаймиз — бунинг бари махфий», — дейди у.

«Клооп»нинг журналистлари Жалолобод санепидемстанциясининг ходимлари билан боғланиб, тиббиёт ходимлари қўшимча ҳақларини тўлиқ олмаганини аниқлашди. Уларнинг орасида коронавируси бор ходим аниқлангани сабаб, улар обсервацияда ишлаган кунлари учун пул тўлаб бериш илтимоси билан ССВга жамоат бўлиб хат йўллашган. ССВ инфекциянинг ўчоғида ишлаган ходимларнинг барига апрель ойи учун 885 минг сом ўтказганмиз деб ишонтирди.

Аммо шифокорлар апрелдаги обсервация учун бугунги кунгача пул олишмаганини, март ойи учун эса уларнинг ишлагани учун фақатгина 500 сомдан 5 минг сомга қадаргина компенсация шаклида тўлаб беришганини айтишди.

Аммо Жалолобод санепидемстанциянинг бош шифокори интервьюда билдиришича, унинг муассасасидаги ходимлар қўшимча ҳақ олишган, апрелда эса улар обсервацияда бўлишмаган.


Биз нимани топдик? Тўловнинг барини ҳудудлардаги тиббий идораларга бўлиштирганда июнда улар май ойида қанча олишса шунча олишади. Аммо мамлакатдаги эпидемиологик вазият ўзгармоқда. Масалан, Норин вилояти миллиондан бир оз ортиқ олган, у ерда вазият энг кескин бўлган эди, июнда эса жуда ёмонлашиб кетган.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги буни қандай тушунтирмоқда? Мирлан Атакуловнинг айтишича, ҳозирда муассасада қаерда ва қанча пул ўтказиш кераклигини ҳал қилган аниқ алгоритм йўқ. Чунки «шифокорлар бундай алгоритмни ёки нормани аниқлай олишмаган, ФВ шароитида уни ишлаб чиқиш деярли мумкин эмас».

«Биз ҳозир [ҳудудларда] касаллик қанча кишига юқишини билмаймиз, шу сабабдан ҳозир факт бўйича ишлаяпмиз. Масалан эҳтиёжга кўра ҳар бир регионга мобил бригада ва обсервация тузилмоқда», — дейди у.

Биз яна нимани топдик? «Клооп»нинг журналистлари қайси тиббий идоралари пул олаётганини текширишди. Илк қарашда бари мантиққа тўғри келгандек кўринади, чунки санепидемназоратлар, инфекция ва бошқа касалхоналар ҳаммасидан кўп олишди. Аммо стоматологиялар 2,5 млн сомдан ортиқ олишган.

«Бизда эпидемиологлар етишмайди, юқумли касалликлар бўйича мутахассислар етишмайди, шу сабабдан шифокорнинг бари жалб қилинмоқда, уларга олдиндан кўрсатма берилади, кейин чиқишади. Масалан, стоматологлар асосан санитар-карантин постларга жалб қилинган, улар таҳлил олиб эпидемиологлар каби ишлагани йўқ, аммо одамларнинг тана ҳароратини текшириб ёрдам беришди», — деб тушунтиради Атакулов. 

Хулоса

Ҳозир тизим пул чиндан ҳам тиббиёт ходимларига жўнатилиб-жўнатилмаганини ҳамда улар уни олиб-олмаганини текширишга имкон бермайди.

Куаниш Онолбаевнинг фикрича help.covid.kg сайти «яхши бошланиш», аммо олувчиларни шахсий маълумотларининг сақланишини ҳисобга олиб эълон қилиш керак деб ҳисоблайди. Масалан, одамнинг шахсий рақамини тўлиқ ёзмаслик керак, шунингдек тиббиёт ходимларининг эгаллаган хизматини қисқартириб қўйча ҳам бўлади.

«Афсуски ижро ҳеч қандай имтиёз бермайди, ҳеч қандай натижа бермайди, бу пул чиндан ҳам тўғри одамларнинг қўлига, оғир шароитларда ишлаётган тиббиёт ходимларининг тўғри ҳисобларига тушаётганига аниқ ишонтира олмайди. Бу вазият маблағларни мақсадли фойдаланиш бўйича ишончни йўқотади», — дейди Онолбаев.

Help.covid.kg сайтида охирги олувчи кўрсатилмаган, шу сабабдан биз пул чиндан ҳам тиббиёт ходимларига жўнатиб-жўнатилмаганини текшира олмаймиз. Тўловлар касалхоналар, ёки ССВнинг ўзи орқали юргизилаётганда, хатога йўқ қўйиш ёки коррупция рисклари бор. Хатто жисмоний шахсларга тўғридан-тўғри пул ўтказилса ҳам улар шифокорлар эканига кафолат йўқ.

Материални тайёрлаганлар: Азиза Раимбердиева ва Саадат Тологонова

Контрибютор: Атай Наринов

Таржимон: Давронбек Насибханов

Дата-муҳаррирлар: Анастасия Валеева, Айзада Тома

Мазкур материал ҚРдаги USAIDнинг кўмаги ва Жаҳон банки, DFID ҳамда IDEM билан ҳамкорликда амалга ошган «Қирғизистондаги Интернюс»нинг «Медиа-К» лойиҳасининг маълумотлар журналистикаси (дата-журналистика) бўйича дастурнинг стипендиантлари тарафидан тайёрланди. Дастурнинг ментори Анастасия Валеева. Материалдаги фикрлар ва хулосалар «Интернюс»нинг ҳамда унинг ҳамкорлари фикрини англатмайди ва уларнинг позициясига мос келмаслиги мумкин.

Бу материал — Қирғизистоннинг ҳукумати коронавирусга қарши курашишга пулларни қандай қилиб сарфлаётгани бўйича лойиҳанинг бир қисми