Атамбаевнинг ўғли пневмония ташхиси билан касалхонага ётқизилди

457

Собиқ президент Алмазбек Атамбаевнинг ўғли Сеид Атамбаев фейсбукдаги саҳифасида пневмония ташхиси билан касалхонага ётқизилганини хабар қилди.

«Миллий хавфсизлик хизматининг тергов ҳибсхонасига бориб келгандан бир неча кун ўтгандан кейин ҳолсизланиб, бўғинларим оғриб, дарҳол ҳароратим кўтарилиб кетди. Кеча мени пневмония ташхиси билан касалхонага ётқизишди», - деб ёзган Сеид Атамбаев.

У «безовта қилмаслик» илтимоси билан куч идораларига мурожаат қилиб, улардан «суратга оламан деб қайта-қайта палатага кирмасликни» ҳамда «шифокорларни йиғлатиб қийнамасликни» илтимос қилди.

Сеид Атамбаев укаси Кадир Атамбаев билан бирга Қирғизистоннинг социал-демократларнинг янги партиясини бошқаради.

Партия Алмазбек Атамбаев аввал бошқарган КСДПнинг ғояларини ва принципларини қўллайди.

Атамбаевнинг касалхонага ётқизилиши

30-июнда собиқ президент Алмазбек Атамбаев «икки томонлама пневмония» ташхиси билан МХДҚнинг тергов қамоғидан касалхонага ўтказилган. Унинг коронавирусга топширган таҳлили тоза чиққан.

Собиқ президентнинг оиласи Атамбаевга МХДҚнинг тергов қамоғида коронавирус атайлаб юқтирилганини айтиб чиқишган.

Атамбаевнинг оиласи ўз билдирувида МХДҚнинг тергов изолятори инфекция тарқалувчи хавфли ер бўлиб қолганини таъкидлашган.

«У ерда ўтирганларнинг ичидан камида 10 кишидан COVID-19 дарди чиқди. Тергов изоляторида ўтирганлар у ердаги ходимларнинг барига коронавирус юқди деган шубҳа борлигини қариндошлари орқали бизга айтишди», — деб ёзилади билдирувда.

Миллий хавфсизлик бўйича давлат қўмитасидан (МХДҚ) Атамбаевни оиласининг билдируви ҳақиқатга тўғри келмайди деб жавоб беришди.

«Атамбаевнинг оиласи унинг жиноий ишларини яшириш мақсадида, уни сиёсий маҳкум қатори кўрсатишни истаб, жамоатчиликни мақсадли турда адаштириб, қўзғалган жиноий ишларига сиёсий баҳо беришга ҳаракат қилишмоқда», — деб билдирилди МХДҚдан.