«Кактус» нашрининг журналисти Марат Уралиев Ўш вилоятининг Қорасув туман ИИБига сўроққа чақирилди. Маълумотни Уралиев «Клооп»га тасдиқлаб, ҳозирда расмий чақирувни кутаётганини билдирди.
«Менга участка милиционери кеча кечки соат ўнлардан кейин қўнғироқ қилиб, “Қорасув туман ИИБнинг терговчиси чақиряпти” деди. Мен унга: “Сиз биринчидан тунда қўнғироқ қиляпсиз, бундан ташқари расмий чақирув керак” дедим. У кечирим сўраб, чақирув эртага бўлади деб, телефонни ўчириб қўйди», — деди Уралиев.
Журналист Қорасув туман ИИБнинг терговчиси уни нима сабабдан чақирганини билмаганини қўшимча қилди. Шунингдек унга расмий чақирув келгани йўқ.
Ўш вилоят ИИБнинг матбуот котиби Жениш Аширбаев «Клооп»га бу ҳақда маълумоти йўқлигини билдирди. Айни вақтда у Уралиев «Баястан» ресторанининг иши бўйича гувоҳ қатори чақирилганини таҳмин қилди.
«[“Баястан”] ресторанида тўй бўляпти деб биринчи Марат бориб тасвирга олган-да, шунинг учун гувоҳ қатори чақирилган бўлиши мумкин», — деди Аширбаев.
Аввалроқ, 4-июлда, «Кактус» нашри Қорасув туманидаги «Баястан» ресторанида 100дан ортиқ кишининг иштироки билан «қиз узатиш» тўйи ўтказилаётганини билдирган. Мазкур ресторанда Ўш шаҳар кенгашининг депутатлари Эсенбек Арзиев ҳамда Турдубай ўғли Ақилбек — «Бир Бол» партиясини лидери Алтинбек Сулаймановнинг укаси ҳам қатнашгани айтилган.
Милиция ходимлари тўйхона карантинг вақтида оммавий тадбир ўтказшгани учун Қилмишлар бўйича кодекснинг «Чеклов чораларининг талабларини бузиш» моддаси бўйича судгача тергов бошлаган. Тергов асносида рестораннинг эгасига аввал ҳам жарима пули солингани ҳамда тўйхона 15 кунга ёпилгани маълум бўлди.
Президент Сооронбай Жээнбеков Хавфсизлик кенгашининг 6-июлдаги йиғинда тўй тадбирларига расмий тақиқ солишни таклиф қилган.