11-августда Қирғизистоннинг Ташқи ишлар вазирлиги Белоруснинг Бишкекдаги элчилик вакилини чақириб, Қирғизистоннинг собиқ премьер-министри Данияр Усоновни Белоруснинг ҳозирги президенти Александр Лукашенко билан бирга юргани бўйича тушунтирма талаб қилди. ТИВнинг маълумоти бўйича Усонов давлатлараро қидирувга олинган.
Қирғизистоннинг ТИВи бундай ҳаракатлар «Қирғизистон ва Белоруснинг ўртасидаги дўстлик алоқасининг ривожланишига, самарали ўзаро фойдали ҳамкорлик ўтказишга зарар етказади» деб таъкидлади.
Муассаса Беларусь элчилигига тегишли нота топшириб, Данияр Усоновнинг «ҳамда Беларусда юрган бошқа алоқадор одамларнинг» дарҳол қўлга олиниши ҳамда ўтказиб берилиши бўйича чора кўришга чақирди.
Беларуснинг президенти Александр Лукашенко 10-августда «Беларуснинг миллий биотехнологик корпорацияси» (БМБК) ишхонасига иш сафари билан борган. Лукашенко билан учрашувда олинган суратга БМБКнинг етакчиси — Қирғизистоннинг собиқ премьер-министри Данияр Усонов ҳам тушиб қолган. У Даниил Тимурович Урицкий деган ном билан ҳам танилган.
Даниил Урицкий БМБК ишхонасини бошқарганда 2016-йили Белоруснинг ОАВлари унга эътибор қаратган. Журналистлар Урицкийнинг Қирғизистоннинг собиқ премьер-министри Данияр Усонов билан ўхшашлиги ҳақида ёзиб чиққан.
Урицкий-Усонов ўзи naviny.by нашрига берган интервьюсида ҳақиқий премьер Данияр Усонов 2013-йили Малайзияда вафот этган деб билдирган.
БМБК — 2016-йили очилган Белорусиянинг давлат ишхонаси. У ўзининг ва хорижий маблағларнинг ҳисобидан Беларуснинг агро саноат жойига 1 млрд доллар солишни кўзлаган.
2016-йили Беларуснинг нашрлари Бакиевларнинг клани билан БМБКнинг алоқаси ҳақида ёзиб чиқишган. Улар корпорация акционерлерининг орасида Қирғизистоннинг собиқ президенти Қурманбек Бакиев ҳамда унинг ўғиллари — Марат билан Максим бор бўлиши мумкин деб ҳисоблашган.
Бакиев ўзи 2010-йили Қирғизистоннинг президентлигидан қулатилган, кейин у Белорусдан сиёсий бошпана олган.
2010-йилнинг апрель воқеалари бўйича 28 киши судланган. Унинг ичида Қурманбек Бакиев (сиртдан 30 йилга озодликдан ажратилган), унинг укаси ҳамда Давлат назорат хизматининг собиқ етакчиси Жаниш Бакиев (умрбод озодликдан ажратилган) бор. Бундан ташқари, Бакиевнинг ўғиллари — Марат билан Максим ҳам сиртдан озодликдан ажратилган.
Унинг тўнғич ўғли Марат ҳам Беларусда, Раубичи номли элита қишлоғида яшайди. Максим эса Англиядагы Суррей графлигида, беш млн долларлик элита саройида яшайди.
Айни вақтда уларнинг бири ҳам айбдор деб топилган жиноятлари учун жазога тортилмаган. Қирғизистоннинг Бош прокуратураси уларни экстрадициялаш бўйича ҳаракат қилаётганини бир неча бор маълум қилган.