Баткендаги сел оқибатида 69 миллион сом зарар кўрилди

417

Вице-премьер-министр Акрам Мадумаров сел келган Баткен вилоятининг Исфана шаҳридаги ҳамда Тўққиз-Булоқ, Сумбула қишлоқ ҳудудларидаги сув қоплаган бир неча объектларнинг ва уйларнинг аҳволи билан танишди.

Ҳукуматнинг матбуот хизмати билдиришича, дастлабки ҳисоблар бўйича сел ҳудудларга 69 миллион сомлик зиён етказди.

Мадумаров маҳаллий ҳукумат вакилларига турғунлар учун зарурий ёрдамларни кўрсатиш ҳамда табиий ҳалокат оқибатларини бартараф қилиш бўйича топшириқларни берди.

Лайлак туманининг айрим ҳудудларида 2-майда сел юриб, турар жойларни, уйларнинг ҳовлиларини, бола боғчанинг ертўласини ҳамда автойўлларни сув қоплади. Ижтимоий тармоқларга эълон қилинган видеолардан мол-ҳайвонлар ҳам оққанини кўриш мумкин.

Фавқулодда ҳолатлар вазирлигининг маълумотига кўра, ўша куни ёғиб ўтган ёмғир оқибатида тоғлардан сел сувлари оқиб тушган. Вазирликнинг ходимлари ҳамда маҳаллий турғунлар сел қолдиқларини тозалашмоқда.