Ўшда касалхонадан уйига қайтган аёлнинг постдан ўта олмай қолгани бўйича текширув ўтмоқда

434

Ижтимоий тармоқларда аёл Ўш шаҳри ва Қорасув туманининг кесилишидаги блокпостдан ўта олмай, ҳуқуқ тартибот органларининг ходимларига норозилик билдирган видео тарқади.

Видеодаги аёл касалхонадан қайтганини, аммо тегишли ҳужжатлари бўлганига қарамай постда турганлар турмуш ўртоғи иккисини уйларига ўтказмаётганини айтмоқда.

“Мен эндигина шу томондан касалхонага ўтдим. Энди мени нимага уйимга ўтказмаяпсизлар? [...] Комендант Малик [Нурдиновнинг] айтгани ёлғон экан. Муҳтожлар касалхонага пропуск қоғозисиз ўтаверинглар деб айтади. Аммо машинани ўтказишмаяпти”, — деган видеога олган аёл.

Видеода Ўш ШИИБи етакчисининг ўринбосари Алишер Бахрамовни ҳам кўриш мумкин. У аёл постдан ўтиши мумкинлигини айтган. Аммо аёл постдагилар эрини уришгани сабаб у “қўрқиб” кетиб қолганини айтиб йиғлаган. Шунингдек у рак билан касалланганини айтиб, ёнига турмуш ўртоғини ёки тез ёрдам машинасини чақириб беришни талаб қилган.

Ўш комендатурасининг маълумот маркази аёлнинг сўзларини инкор қилди. Маълумотга кўра, бу пост Ўш шаҳри ҳамда Қорасув туманининг ўртасида Шаҳид-Тепа ҳудудида жойлашган — у Қуролли кучларнинг Бош штабига тегишли.

Комендатуранинг дастлабки маълумотига кўра, воқеа 1-май куни бўлган. Мазкур аёлнинг турмуш ўртоғи қарама-қарши қисмда ҳайдаб, постдан навбатсиз ўтиб кетишга ҳаракат қилганидан ўтказилмаган.

“Ўша вақтда аёли эри билан ҳам аразлашиб кетиб, турмуш ўртоғининг постдан ўтишга ярамаганини айтиб, унинг инсоний ғурурига тегувчи сўзларни айтган. Натижада иккиси жанжаллашиб, эри аёлини постга ташлаб кетиб қолган”, — деб ёзилган комендатуранинг билдирувида.

Комендатурадан мазкур воқеа бўйича текширув бошлангани маълум қилинди. Постда турган ходимлари тарафидан ўз вазифасини бажаришда камчиликлар аниқланса, улар жавобгарликка тортилиши айтилди.

Қирғизистонда коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида Бишкек, Ўш, Жалолобод шаҳарларида ҳамда Норин вилоятининг От-Боши туманида фавқулодда ҳолат режими 10-майгача узайтирилган. Мазкур ҳудудларда шахсий машиналарнинг ҳаракати чекланган. Аммо касалхонага бориб-келишда ҳеч қандай тўсиқ бўлмайди деб хабар қилинган.