Ўш шаҳри ва Ўш вилоятининг Қорасув, Новқат туманлари бўйича коменданти Малик Нурдинов 21-апрелдаги брифингда Ўш шаҳри турғунига нисбатан «Санитар-эпидемиологик қоидаларни бузиш» моддаси бўйича жиноий иш қўзғалганини билдирди.
Нурдиновнинг айтишича, мазкур фуқаро Россиядан апрелда келган. Кейинчалик ундан коронавирус аниқланган. «Келганда ўзи махсус [тиббий кўрикдан] ўтмай, уйида бола-чақаси билан алоқада бўлаверган», — деди комендант.
Комендатуранинг матбуот хизмати билдиришича, коронавирусга чалинган турғуннинг акасида ҳамда отасида коронавирус аниқланди. Ҳозирда улар касалхонада. Шунингдек улар билан алоқада бўлган олти нафар киши ҳам обсервацияга олинди. Уларни таҳлилларининг натижаси кутилмоқда.
«Мазкур фуқаро қариндоши билан Қозоғистон, Ўзбекистондан юк ташувчи машинада келган. Ўлкага келгандан кейин уларнинг обсервацияга олиниб-олинмагани аниқланмоқда», — деди комендатуранинг матбуот хизмати ходими Замир Сидиқов.
Ҳозирда ҳуқуқ тартибот органлари мазкур фуқаро COVID-19 касалини яқинларига қандай қилиб юқтирганини аниқламоқда.
Нурдинов шу билан 25-мартдан бошлаб коронавирусга чалинганини яширган уч кишига нисбатан жиноий иш қўзғалганини қўшимча қилди. Уларнинг орасида 9 кишига мазкур касални юқтирган Ўшнинг турғуни ҳам бор.
Қонунга 3-апрелда киргизилган ўзгартиришларга кўра, «санитар-эпидемиологик қоидаларин бузиб, оммавий касаллик юқтириш ёки юқтириш хавфини туғдирган фуқаролар» 2,5 йилдан 5 йилга қадар озодликдан ажратилиши мумкин.
21-апрелга келиб Қирғизистонда жами бўлиб 590 фуқарода коронавирус аниқланди. Уларнинг энг кўпи Ўш вилоятида — 150, Ўш шаҳрида эса коронавирусни юқтирган 93 киши аниқланган.