Москва: Фарзандини калтаклаган қирғизистонлик икки ойга қамоққа олинди

370

ИИВнинг матбуот хизмати Москвада ўз фарзандини калтаклаган қирғиз фуқаросига нисбатан «Қийноққа олиш» ҳамда «Вояга етмаганни тарбиялаш бўйича вазифаларини бажармаслик» моддалари бўйича жиноят иши қўзғалганини билдирди.

Аввалроқ ижтимоий тармоқларда квартирада ўғлини жисмоний машқ бажармагани учун уриб, тепган, кейин сим билан ураётгани тасвирланган видеоси пайдо бўлган.

Кейинчалик боланинг отаси «оила бахтли» яшаётганини ҳамда «бола ҳеч нарса сезмаганини» айтгани тасвирга олинган видео чиққан.

«Кайфияти йўқми ёки эркаландими нима бўлганини билмайман, айтсам, "қилгим келмаяпти" деб туриб олган. Мен жуда қаттиқ урмаганман, секин ёнбошига шапалоқалаганман. Қандай қилиб ўз боламни қаттиқ урай. Агар қаттиқ уришни хоҳлаганимда бирор ери синиб ёки бир нарса бўлиб қоларди-да», — деб билдирган у.

Бундан ташқари, боланинг отаси афсусланаётганини айтиб, «ким ҳам боласини урмайди, ким ҳам боласини ёмон бўлсин дерди. Мен бировнинг фарзандини урганим йўқ» деган далилларни келтирган.

У видео тарқаб кетгандан кейин «ёмон аҳволда» қолганини қўшимча қилган.

Оила Москвага ўтган йили кузда меҳнат миграциясига келган. Эр-хотиннинг уч фарзанди бор. Ҳозирда калтакланган боланинг онаси тўртинчи чақалоғини кутаётгани айтилди. У видеомурожаат қилиб, турмуш ўртоғи қамалиб кетса фарзандларини ким боқишини айтиб жамоатчиликдан эрини учун кечирим сўраган.