Ўшда 14-апрелга келиб комендант соатининг тартибини бузганлар бўлгани йўқ

535
Сурат: Ўш ШИИБ

Ўшда 14-апрелга ўтар кечаси комендант соатининг тартибини бузганлар қайд этилгани йўқ. Бу ҳақда Ўш шаҳри, Ўш вилоятининг Қорасув ҳамда Новқат туманларининг коменданти Малик Нурдинов бирифингда билдирди.

Қирғизистонда 25-мартдан бошлаб 15-апрелгача коронавирус қайд этилган ҳудудларга фавқулодда ҳолат эълон қилинди. Шу сабабдан Бишкек, Ўш ва Жалолобод шаҳарларига, Жалолобод вилоятининг Сузоқ туманига, Ўш вилоятининг Новқат ҳамда Қорасув туманларига кечки соат 20:00дан эрталабки 7:00га қадар комендантлик соати киргизилган. Мазкур вақт давомида фуқароларнинг кўчада юриши ҳамда транспортнинг ҳаракати тақиқланган.

Президент Сооронбай Жээнбеков 14-апрелда фавқулодда ҳолат тартибини 30-апрелга қадар узайтириш бўйича фармонга қўл қўйди. Карантин бунгача фавқулодда ҳолат тартиби киргизилган барча ҳудудда узайтирилади. Шунингдек Норин вилоятининг Норин шаҳрига ҳамда От-Боши туманига ҳам ўзгача аҳвол эълон қилинди.

14-апрелга келиб Қирғизистонда короновирусни юқтирганларнинг сони 430 кишини ташкил қилди. Уларнинг ичидан ўпка касалига чалинган 5 киши вафот этиб, 71 киши вирусдан тузалди. Вирусни юқтирганларнинг энг кўпи Ўш вилоятида қайд этилди — 187, энг ози Баткен вилоятида қайд этилди — 5.