Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилишича, 8-апрелдан бошлаб тиббиёт ходимларига март ойи учун “компенсация тўловлари” берила бошлади. Асосан, бу ҳукуматнинг аввал тиббиёт ходимларига ваъда қилган қўшимча ҳақлари.
Қўшимча ҳақлар одатдаги иш режаси бўйича коронавирус юқтириб олиш хавфида ишлаган тиббиёт ходимлари учун кўзда тутилган, шунингдек карантин-казарма вазиятида ишлашга мажбур бўлган тиббиёт ходимларига берилади — улар уйларига бормасдан рискли ҳудудларда маълум муддат давомида ишлаб, шундан кейин карантинга жўнатилади.
Ҳукуматнинг ваъдаси бўйича, қўшимча ҳақлар икки-уч кун ичида тўланади. Қўшимча ҳақигина эмас, тиббиёт ходимларининг асосий иш ўриндаги маошлари ҳам тўланиши керак.
Коронавирус юқтириб олган тиббиёт ходимларига компенсация масаласи эса ҳали ҳам ҳал этилгани йўқ.
Уларга қанча тўланади?
“Тўловнинг миқдори тиббиёт ходимларининг категориясига ҳамда унинг юқтириш манбаларида қанча вақт давомида юрганига боғлиқ”, — деб билдирди Соғлиқни сақлаш вазирлигининг молия бошқармасининг етакчиси Мирлан Атакулов.
Навбатчи тартиби бўйича ишлаган шифокорларга 29 000 сомдан тўловлар назарда тутилган.
Казарма вазиятида юрган шифокорлар учун тўловлар кўпроқ.
Кичик хизмат кўрсатиш ходимлари — кир ювган одамлар, ошпазлар, санитарлар ва кичик ҳамшираларга 38 000 сомдан тўланади.
Ўрта тиббиёт персоналига — катта ҳамширалар, фельдшерлар, парамедиклар, стоматологлар ва фармацевтларга 41 000 сомдан тўланади.
Шифокорларга 46 000 сомга қадар қўшимча ҳақ кўзда тутилган.