Ҳукуматнинг Баткен вилоятидаги мухтор вакили Акрам Мадумаров 22-январда Қизил-Қия шаҳридаги БатДУнинг педагогика институтининг жамоати билан учрашди. Мазкур учрашувдан «Турмуш» нашри видео эълон қилди. Унда Мадумаров ишга галстук тақмай келган ўқитувчиларни изза қилганини кўриш мумкин.
«Одам биринчи ўзидан бошлаши керак. Мен ўқитувчиларнинг ҳаммаси билан учрашяпман. Бирортангларда ҳам галстук йўқ, ўзингларни юришингларни қаранглар. [...] Мана директоринглар костюм-шим кийиб юрибди. Сизларчи? Ўқитувчидек ниманглар [кўринишинглар] йўқ. Шундай қилиб юрсанглар талабаларга қандай қилиб намуна бўласизлар?», — деб савол қўйган у.
Видео: Турмуш нашри
Ўқитувчилар эса галстукни дарс вақтида тақиб юришларини, аммо ҳозирда институтнинг биносида таъмир ишлари ўтаётгани учун галстуксиз келишганини айтишган.
БатДУнинг ректори Абдивап Зулпуев ўқитувчиларга мурожаат қилиб, икки кун аввал Мадумаров келишини эслатганини қўшимча қилган. Баткеннинг етакчиси эса «мен келмасам ҳам ўзларини қараши керак-да» деб норози бўлган.
Шунингдек ваколатли вакил пединститутдаги талабаларга тузилган шароитларни «қаноатланарли аҳволда эмас» деб баҳолаган.
Ўтган йилнинг январь ойида Касб-ҳунар техника таълим агентлигининг бўлим бошчиси Талантбек Тинисов Жогорку Кенешнинг йиғинида свитер кийиб келгани учун депутат Алмазбек Токторов ва вице-спикер Мирлан Бакировнинг танқидига учраган. Вице-спикернинг харакати жамоатчиликда норозилик яратгандан кейин, у амалдордан кечирим сўраган.
Шунингдек депутат Жилдиз Мусабекова парламентнинг йиғинларидан бирида қишлоқлардаги ўқитувчилар мактабга «мол соққани ёки қўй боққани келишадими» деб уларнинг кийинишини танқид қилган. Кейинчалик Мусабекова унга «қишлоқдаги ўқитувчилар қўнғироқ қилиб, бу масалани кўтаргани учун миннатдорчилик билдирганини» айтган.
Муаллиф: Айзирек Осмон қизи