Қирғизистон Ички ишлар вазирлигининг матбуот хизмати 1-октябрда билдиришича, Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раҳбари Бусурманкул Табалдиев Интерпол кучлари иштирокида халқаро қидирувга берилган.
Табалдиев — криминал авторитет Азиз Батукаевнинг ноқонуний бўшатилиши иши бўйича гумондорлардан бири. Батукаев 2013-йили қамоқдан бўшатилиб, Қирғизистондан чиқиб кетган.
МХДҚнинг собиқ раҳбари ҳукумат Батукаэвнинг ноқонуний равишда озод этилиши бўйича терговни қайта бошлагандан сўнг дарҳол мамлакатни тарк этган. ИИВ унга 15 июлда қидирув эълон қилди.
- Батукаэв лейкемия касаллиги борлиги тўғрисидаги маълумотнома асосида озод қилинган. Аммо, кейин тиббий ҳужжат сохта эканлиги маълум бўлган.
- Қирғиз расмийлари 2019 йилнинг баҳорида Батукаевнинг ноқонуний равишда озод қилиниши ҳақидаги ишни қайта очган. Бу Алмазбек Атамбаевни собиқ президент мақомидан ва даҳлсизликдан маҳрум этилишининг асосий сабабларидан бири бўлган. Кейин унга қарши айблов эълон қилиниб, ҳибсга олинган.
Шунингдек, бу иш бўйича Жазони ижро этиш давлат хизматининг собиқ раҳбари ҳамда депутат Зарилбек Рисалиев, собиқ прокурорлар Аида Салянова ва Индира Жолдубаева, собиқ бош вазирнинг биринчи ўринбосари Шомил Атаханов, собиқ соғлиқни сақлаш вазири Динара Сагинбаева ва бошқалар иштирок этишмоқда.