Ҳарбий прокуратура 18 сентябрь куни Қирғизистон ва Тожикистон чегарасидаги отишма юзасидан тергов бошлади. Отишма вақтида икки тарафнинг тўрт зобити ҳалок бўлган.
Хабарда айтилишича, қирғиз аскарининг ўлдирилиши бўйича "Қотиллик" моддаси билан судгача тергов жараёни бошланган.
Шунингдек, чегара хизмати ходимлари ва маҳаллий аҳолининг ярадор бўлиши ортидан "Суиқасдга уриниш" моддаси бўйича, шу билан бирга, турар-жой бинолари, ўрта мактаб биноси ва чегара постининг ўққа тутилиши билан боғлиқ ҳам судгача текширув ишлари бошланди. Жами 13 нафар Қирғизистон фуқароси турли даражадаги тан жароҳатлари олган.
Бош прокуратуранинг маълумотига кўра, идоралараро тергов гуруҳи Лайлак туман ички ишлар бўлими, Боткен вилояти ички ишлар бошқармаси ва Боткен гарнизонининг ҳарбий прокуратурасидаги “тажрибали терговчилар”дан тузилган.
Муассасадан билдирилишича, тергов гуруҳи «Максат» чегара постини, мактабни ҳамда Максат қишлоғида яшовчиларнинг уйларини текширган.
“Воқеа жойидан олинган ўқ ва минанинг зарарли элементлари бўйича суд экспертизалари тайинланди. Ўқдан жароҳатланганларга, шу қаторда ҳалок бўлган ҳарбий ходими учун суд-тиббий экспертизаси тайинланди », - дейилади матбуот хизмати хабарида.
16 сентябр куни кечқурун Боткен вилоятидаги қирғиз-тожик чегарасидаги вазият кескинлашди. Отишма натижасида 4 ҳарбий хизматчи ҳалок бўлди. Бир чегарачи қирғиз томонда, учтаси тожик томонда ҳалок бўлди. Қирғизистон ва Тожикистон можарода бир-бирларини айблашди.