16 сентябр куни кечқурун Боткен вилоятининг Лайлак туманидаги қирғиз-тожик чегара ҳудудида қурол қўлланилган можаро юз берди.
Қирғиз расмийлари низо вақтида Равшан Мўминов исмли ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганини билдирди. Соғлиқни сақлаш вазирлигининг маълумотларига кўра, 13 киши жароҳат олган, уларнинг орасида 12 ёшли бола ҳам бор. Уч ярадорнинг аҳволи оғир.
Бош вазир Муҳаммедкали Абилгазиев, Бош вазирнинг ўринбосари Зениш Раззоқов, шунингдек, Қирғизистон Давлат чегара хизмати бошлиғи Уларбек Шаршеев Баткен вилоятига учиб кетишди. Абилгазиев маҳаллий аҳоли билан учрашади. Шунингдек, чегарадаги можаронинг кучайиши сабабли расмийлар билан кенгаш ўтказмоқчи.
Парламент спикери Дастан Жумабеков топшириғи бўйича Баткен вилоятидаги воқеа бўлган ерга спикер ўринбосари Мирлан Бакиров бошчилигидаги бир гуруҳ депутатлар жўнаб кетган.
16 сентябр куни Қирғизистон ташқи ишлар вазири Чингиз Айдарбеков тожикистонлик ҳамкасби Сирожидин Мухриддин билан чегарадаги вазият юзасидан суҳбатлашган. Айдарбеков «тожик ҳарбийларининг қурол қўлланиши нотўғри экани ҳақида» билдирган.
Қирғизистон Чегара хизматининг билдиришича, тожик ҳарбийлари биринчи бўлиб қурол қўлланган: аввал Максат қирғиз чегара постини, шундан кейин Сай вақтинчалик чегара постига ўт очган.
Бироқ, Тожикистон томони чегарадаги вазият қирғиз ҳарбийларининг ҳаракатлари туфайли мураккаблашганини билдирган. Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг чегара қўшинларига кўра, қирғизистонликлар 16 сентябр куни кечқурун «илгари имзоланган келишувларга зид равишда номаълум қурилмани» қуришга киришган.
«Шундан кейин улар провакацион харакатлар қилишиб, соат 19:00да Бахор маҳалласининг қуролсиз фуқароларига қарши ўқ отишган, натижада Тожикистоннинг бир неча фуқароси ўқдан яраланган», — деб билдирган тожик ҳарбийлари.
Уларнинг маълумотига кўра, жами 12 киши ярадор бўлган.