Чегарадаги жанжал ҳақида биринчилардан бўлиб хабар қилган депутат ИИВда 8 соат сўроқ берди

548

Боткен вилоятининг Лайлак туманидаги Катран қишлоқ кенгашининг етакчиси Сапарали Борубаев Ички ишлар вазирлигида 8 соат сўроқ берди.  

14 сентябр куни Борубаев Фейсбукдаги жонли эфирида тожик томони қирғиз-тожик чегарасининг аниқланмаган қисмида қурилиш ишлари бошлаганини билдириб, бундан ташқари, Лайлак тумани ҳамда Баткен вилоятининг уч қишлоғи анклавга айланиши мумкинлигини айтган.

Борубаев терговнинг махфийлигини ошкор қилмаслик мажбурияти бўйича тилхатга қўл қўйгани сабаб, сўроқ тафсилотларини ошкор қилмади.

Материал чоп этилаётган пайтда Ички ишлар вазирлиги матбуот хизматидан изоҳ олишнинг иложи бўлмади.

Қирғиз-тожик чегарасидаги вазият 14 сентябрда кескинлашган. Қирғиз расмийларига кўра, Тожикистон фуқаролари чегаранинг аниқланмаган қисмида қурилишни бошлаган.

16 сентябр куни кечки пайт Лайлак туманидаги Максат қишлоғи яқинидажойлашган чегара участкасида отишма содир бўлган. Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, 13 киши жабрланган. Тожикистон расмийлари 12 кишининг яраланганини хабар қилишган.

Қирғизистон чегара хизматига кўра, тожик томони биринчи бўлиб қурол ишлатган. Бироқ, Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг чегара хизмати қирғиз ҳарбийлари биринчи бўлиб ўқ узганини айтди. Тожикистон томонига кўра, 12 киши жароҳат олган.

Тожикистоннинг Asia-Plus нашри ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбаларга таяниб, уч нафар тожикистонлик ҳарбий хизматчининг ўлганини хабар қилган.