Собиқ президент Алмазбек Атамбаев 3-июлда «Медиа Форум» компанияси биносининг ёнига йиғилган 500дан ортиқ намойишчиларнинг олдига чиқиб, ҳозирги президент Сооронбай Жээнбековни атрофини тозалашга чақирди.
«Бир қошиқ кон тўкилса, халқ бўлиниб кетса жавобгарлик тўлиғича Сооронбай Жээнбековнинг бўйнида бўлади. Мен ҳеч нарсадан қўрқмайман, фақатгина ёшларга тегманглар. Сооронбай, ўт билан ўйнашяпсан. Бунинг бари жуда ёмон тугаши мумкин. Ўйлан, шошилма, қуруқ ғурурга учма, атрофингни тозалагин», — деди у.
Атамбаев ҳукуматнинг истеъфоси ва парламентнинг тарқатилишини талаб қилиб, ёшларга йўл бериш керак деб айтди.
«Мен Мухаммедкалий Абилгазиевни ҳам яхши кўраман, аммо кўриб турибман-да, Сооронбай иккисининг қўлидан ҳеч нарса келмайди. Ҳукуматга ёш йигитларни олиб бориш керак. Телефонни яхшироқ ушлашни билмаганлар рақамлаштириш деб, оғиз тўлдириб, Қирғизистонни янги йўлга соламиз деяпти. Албатта бу мумкин эмас-да», — деди у.
Собиқ президент учинчи марта парламентти «мишириқ» деб атаб, қайтадан ҳукуматнинг унга кераги йўқлигини билдирди.
«Роза Отунбаева Атамбаев парламентнинг обрўсини кетказмоқда деб мақола ёзибди. Ҳар бир одам ўзининг обрўсини ўзи тўкади. Парламент ҳам, бири афсонавий бўлиб, бири мана мишириқ бўлиб қолди [...] Кимдир Атамбаев ҳукуматга бориш учун эл тўплаяпти деб ўйлайдию Менга ҳеч қандай ҳокимиятнинг кераги йўқ», — деди у.
Атамбаевдан ташқари намойишчилар олдига унинг тарафдорлари депутат Ирина Карамушкина, Асел Кодуранова ва бошқалар ҳам чиқиб гапиришди.
Атамбаевни даҳлсизлик мақомидан ажратилиши
Парламент Атамбаевни даҳлсизликдан ажратгандан кейин собиқ президент ва унинг тарафдорлари митинг уюштиришди.
Намойишчилар «Эски “элита” кетсин!» ва «Соке дам ол!» деган плакатларни кўтариб чиқишди.
Митингни «Соке ярамай қолди» деб аташган. Атамбаев бунга қадар ҳозирги президент, давомчиси Сооронбай Жээнбековнинг ҳукуматини тан олмаслиги ҳақида айтган.
Атамбаевни даҳлсизликдан ажратиш Жээнбеков билан жанжаллашишнинг оқибати бўлди. Сиёсатчилар ўртасидаги низо 2018 йилнинг мартида бошланган. Ўша вақтда Атамбаев сиёсатга қайтаётганини расман эълон қилиб, давомчисини коррупцияга қарши самарасиз курашишда айблаб, танқид қилган.
Парламентнинг қароридан кейин Атамбаевнинг Қўй-Тошдаги уйида одамлар тўпланиб, собиқ президентни ҳимоя қилишга тайёр эканини билдиришган. Улар бугун ҳам қароргоҳда бўлишмоқда. Атамбаевнинг қароргоҳи олдига бетон тўсиқлар ўрнатилиб, уйнинг ҳудудига тошлар тўкилган.