Ўзган туман ички ишлар бошқармасининг тўрт ходими ишидан бўшатилиб, яна олти милиционерга ҳайфсан берилди. Бу ҳақда Ўш вилояти милициясининг матбуот котиби Нурпери Абдуллаева билдирди.
Бу қарор Ўш ВИИБнинг хизмат текшируви натижасида қабул қилинган. Милиционерлар ИИВнинг «обрўсига путур етказиб», «ҳуқуқ тартибот органларининг этикасига тўғри келмаган» харакатларни қилишган.
Апрелнинг охирида блогер Бауржан Кадирбеков Ўзган шаҳридаги дўкондан сақлаш муддати ўтиб кетган маҳсулотларни аниқлаб, чора кўрилиши учун милиционерларни чақирган.
Блогернинг чақирувига келган терговчи «Бауржан, бу ерда муддати ўтиб кетган маҳсулотлар сотилаётган бўлса, савдо қилмай қўя қол» деб айтган. Кадирбеков «мендан бошқалар савдо қилмаяптими» деган сўзига, милиционер «бошқа билан сенинг ишинг нима?» деб жавоб берган.
Милиция блогерни аёлни калтаклашда гумон қилиб, унга қарши «Безорилик» моддаси бўйича иш қўзғаган. Аммо 19-майда жиноят иши тўхтатилган.
Бироқ Бауржан Кадирбековни тадбиркорлардан пул таъма қилишда гумон қилишмоқда. Айрим тадбиркорлар Кадирбеков тасвирга олган видеоларни ютуб каналидан ўчириб қўйиш учун улардан 10-20 минг сом талаб қилганини айтиб, милицияга ариза ёзишган. Бу иш бўйича тергов ишлари давом этмоқда.