Қирғизистоннинг қочқин президенти Аскар Акаев 19-май куни Москва шаҳрида қирғизистонликлар учун ифтор ўтказди. Бу ҳақда Москвадаги қирғиз диаспорасига таяниб Kaktus.Media нашри ёзиб чиқди.
Уларнинг маълумоти бўйича, таклиф қилинган меҳмонларни Акаев рафиқаси Майрам Акаева билан бирга кутиб олган. Жами бўлиб Қирғизистонинг тўнғич президенти уюштирган ифторга 100га яқин одам келган.
Бундан ташқари, Қирғизистоннинг қулатилган иккинчи президенти Курманбек Бакиев ҳам қирғизистонликларни ифторга чақиргани маълум бўлди. Бу ҳақда Бакиевларнинг оиласига яқин тарафдори Аскат Тейит билдирди. Унинг айтишича, Бакиев 18-майда Санк-Петербург шаҳрида 200 кишига ифтор ўтказган.
«Курманбек Салиевич бу тадбирларга қатнашишдан бош тортмаган қирғизистонликларнинг баридан миннатдор. Аллоҳ уларга яхшиликларни берсин. [...] Халқ унга дуосини берди», — деб келтиради Kaktus.Media Тейитнинг сўзларини.
У Бакиев Москва ва Екатеринбург шаҳарларида ҳам ифтор ўтказишни режалаштираётганин ва у ерга 1000га яқин киши қатнашиши мумкинлигини қўшимча қилган. Бу қочқин президентнинг Россияда қирғизистонликлар учун ўтказаётган илк ифтори эмас.
«Kyrgyztoday kg Кыргызстан бүгүн» нашрининг YouTube каналида собиқ президент уюштирган ифторнинг видеоси эълон қилинган. Бундан ташқари, айримлар тадбир уюштиргани учун Бакиевга миннатдорчилик билдирган.