«Қирғиз Спорт ТВ» янги телеканалнинг бош директори Анна Осмоналиева «Клооп» журналистига билдиришича, телеканал Қирғизистондаги футбол топ-лига билан биринчи лиганинг ўйинларини жонли эфирдан кўрсата бошлайди.
Осмоналиева телеканалда керакли ускуна ва жиҳозларнинг ярми борлигини, бироқ апрелда улар ўйинларни трансляция қилиш учун техник томондан тўлдирилишини айтмоқда.
«Ишни янги футбол мавсуми бошланганда, аниқроғи апрелда бошламоқчимиз. [...] Ҳозир ҳужжатларни олиш жараёнидамиз, телеканал одатий старт пакетида бўлади, бундан ташқари, бизнинг чет давлатдаги фуқаролар учун YouTube орқали ҳам етказилади», — деди Осмоналиева.
«Қирғиз Спорт ТВ» маҳаллий футбол клублар ўртасидаги ўйинларни трансляция қилган биринчи ва ягона телеканал бўлади.
Қирғизистонда ўлканинг энг зўр клублари ўйнаган топ-лига бор. Масалан: Бишкекнинг «Дордой» ва Ўшнинг «Алай» командаси. Бундан ташқари, биринчи лига ҳам бор — у кучи бўйича иккинчи бўлиб ҳисобланади.
Шунингдек, жамоалар ҳар йили Қирғизистоннинг Кубоги ва Суперкубоги учун курашишади. Янги канал бу ўйинларни ҳам жонли олиб кўрсатишни режалаштирмоқда.
Осмоналиева қўшимча қилганидек, Қирғизистоннинг волейбол ва баскетбол федерациялари ҳам шу каналга қизиқмоқдалар.
«Биз велосипедни кашф қилмоқчи эмасмиз. Биз ишни маҳаллий футбол лигаларидан бошлаб, кейинроқ йирик каналга айланган баъзи Россиянинг спорт каналларининг йўлидан боришни истаймиз», — деди у.
Қирғиз футболига қизиқиш Осиё Кубогидан сўнг ортган. У турнирда Қирғизистон терма жамоаси Филиппин командасини ютиб, ўз тарихида илк марта турнирнинг плей-офф босқичига ўтган.
Қирғизистон терма жамоаси ⅛ финалида турнир эгаси БААга 2:3 ҳисобида мағлуб бўлган. Финалда Қатар жамоаси Япон жамоасини 3:1 ҳисобида ютиб, турнир ғолиби бўлган.